Мираброр Усмонов: "Терма жамоада таниш-билишчилик кетмайди"

Қўшилди: 24 январ 2014 12:27
Кўрилди: 14455
Комментарии: 1
Мираброр Усмонов: "Терма жамоада таниш-билишчилик кетмайди"
Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия Қўмитаси мажлисида терма жамоалар фаолиятига даҳлдор бўлган масала кенг муҳокамага сабаб бўлди. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов терма жамоаларга маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик асосида футболчилар жалб қилинишига қарши кураш бошлаш лозимлиги ҳақида сўзлаб ўтди.

«Мен бу ҳақда алоҳида гапирмасам бўлмайди», - дейди мажлисни олиб борган Усмонов. «Таркибни мураббий танлайди, танлайверсин, марҳамат. Футболчилар рўйхатини у тузади, тузаверсин, марҳамат. Мураббийнинг ишига аралашмаймиз. Ҳаққимиз йўқ. Лекин, мана шу ерда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик бўлса, биз бунга жим қараб туролмаймиз. Ҳар бир футболчи терма жамоага чақиралаяптими, одиллик бўлсин. Ҳеч ким кимнингдир қариндоши бўлганлиги сабаб терма жамоага келишига йўл қўймаймиз. Терма жамоа халқники ва халқнинг энг кучли футболчилари учун терма жамоа эшиклари очиқ. Бош мураббий ёки мураббийлар штабига агар терма жамоа ичидаги ёки атрофидаги шахслардан босим бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон Футбол Федерацияси бундай бўлмаслиги учун бор имкониятини ишга солади».

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроқўм аъзолари ушбу масалани ҳам бир овоздан қўллаб-қувватлади ва Қарор қабул қилди. 1 февралга қадар бўлган муддат ичида Терма жамоалар марказининг техникавий масалалар бўйича мутахассислар гуруҳи терма жамоаларга футболчиларни жалб қилиш бўйича мавжуд мезонларни кўриб чиқади. Маҳаллийчилик, таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчилик ҳолатларига йўл қўйилмаслик, йўл қўйилган тақдирда футболдан бутунлай четлатиш каби масалаларни ўз ичига олган терма жамоага номзод футболчиларни жалб қилишнинг янги тартиби ишлаб чиқилади.

Ижроқўм аъзолари, шунингдек, Тошкентда ФИФА ва ОФК мусобақаларининг стадионлари регламентига тўла жавоб берадиган янги, замонавий ва ҳашаматли футзал саройини қуриш бўйича ҳам қарор қабул қилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Футзал Уюшмаси Президенти Фазлиддин Сирожиддиновга ҳам топшириқлар берилди. Февраль охирига қадар футзал саройининг қурилиши билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазалар киритилиши белгилаб қўйилди.

Манба: www.pfl.uz    
Ойбек
Ойбек
24 январ 2014 15:53
бўларканку