“Гиннес”га кирган ўзбек аёли Муҳтарам Алиева: “Юртим байроғига қараб машқ қиламан...”

Қўшилди: 12 ноябр 2013 09:22
Кўрилди: 1584
Комментарии: 0
“Гиннес”га кирган ўзбек аёли Муҳтарам Алиева: “Юртим байроғига қараб машқ қиламан...”
31 октябр - 4 ноябр кунлари Россиянинг Архангельск шаҳрида тош кўтариш бўйича конфедерациялар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. 
Дунёнинг 20 дан ортиқ кўзга кўринган полвонлари ўртасидаги мусобақада юртдошимиз Муҳтарам Алиева ҳам иштирок этди ва жаҳон чемпиони деган шарафли номга эришди. Қувонарлиси, Муҳтарам кўрсатган натижа мусобақада қатнашаётган Гиннесс рекордлари китоби вакилларининг эътиборидан четда қолмади ва у энг юқори натижа деб қайд этилди. Қолаверса, у ушбу китобга киритилган биринчи ўзбек аёли ҳисоблананди. Табиийки, ғалаба қозониб, олтин медал билан юртимизга қайтган ҳамюртимиз билан суҳбатлашишга шошилдик.

— Аёл киши бўла туриб, спортнинг бу йўналиши бўйича юқори натижага эришиш катта бахт, сизни ана шу бахт билан табриклаймиз! Сиз юртимиз тарихида Гиннесс рекордлари китобига киритилган биринчи инсонсиз. Албатта, бунга эришиш осон бўлмаган бўлса керак...

— Катта раҳмат. Очиғи, бунга ҳозиргача ишонгим келмайди. Аслида, бу менинг 30 йиллик меҳнатим самараси. Шу натижага эришаман, деб ният қилган эдим, шукр, орзуимга етдим. Яратганнинг ёрдами, ёнимдаги яқинларимнинг далдаси, устозларимнинг кўмаги билан уддаладим буни.

— Онангиз спорт билан шуғулланишингизга қаршилик билдирган эканлар, ҳозир, жаҳон чемпиони бўлби, Гиннесга кирганингиздан сўнг спортга қатнашишингизга бўлган муносабатлари ўзгарганми?

— Ҳа, ҳозир мени ҳар бир мусобақа олдидан дуо қилиб туради. Отамдан кейин онамга суянаман. Гарчи мендан олисда бўлса ҳам қўғнгироқ қилиб дуосини оламан.

— Одамлар орасида “спорт, айниқса полвонлик аёл кишига эмас” дегувчилар топилади. Бу фикрга қандай қарайсиз?

— Бунга қўшилолмайман. Чунки спорт хали ҳеч кимга зарар етказмаган. Агар мураббийнинг айтганларини қилиб, машқларни ортиқча харакатларсиз ўз ўрнида бажарилса саломатликка путур етмайди. Ўз ишини, оиласини, фарзандларини, уй ишларини уддалаётган минглаб аёллар сингари спортчи аёллар ҳам оиласини ҳам ишини ҳам бирдек олиб бориши мумкин.

— Спорт соҳасида 30 йилдан ортиқ фаолият юритган инсон, аёл сифатида айтингчи, спорт билан шуғулланадиган киши қандай қийин вазиятларга дуч келиши мумкин?

— Спорт тури билан шуғулланадиган инсон энг аввало мағлуб бўлишга, жароҳат олишга тайёр туриши керак. Мағлубият инсонни тарбиялайди. Синсангиз, тамом! Ўрнингиздан тура билсангиз, ўша мағлубият сизни юксак ғалабалар сари етаклар экан.

Блиц сўровнома: —   Параметрларингиз...

—   Ёшим 39 да, бўйим 1,50 сантиметр, вазним 60 кг., 36 ўлчамдаги пойабзалини кияман...

—   Севган таомингиз...

—   Лағмон. Шунингдек Муҳтарам Алиева мухбиримизга Гиннесга кириш орзуси, ғолибликдан сўнг кечирган кечинмалари, келгусидаги мақсадлари, оиласи, устозлари ҳамда севимли машина маркаси ҳақида гапириб берди. Ушбу интервью билан "Даракчи" газетасининг 14 ноябр куни сотувга чиқадиган янги сонида батафсил танишишингиз мумкин.