Ўзбекистонда яна бир тоғ-чанғи курорти очилади

Қўшилди: 12 ноябр 2013 09:21
Кўрилди: 1455
Комментарии: 0
Ўзбекистонда яна бир тоғ-чанғи курорти очилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2013-2015 йилларда Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси хабар беради. 

Мазкур ҳужжатда ушбу вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга доир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унга мувофиқ, Қашқадарёдаги тарихий-маданий обидаларни асраб авайлаш, таъмирлаш, улардан туризм ривожида фойдаланиш, ҳудудда янги меҳмонхоналар ва туристик объектлар қуриш, транспорт инфратьузилмаси ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш фаолиятини тубдан яхшилаш кўзда тутилмоқда. “Ўзбектуризм” Миллий компанияси прогнозларига кўра, мазкур дастурни амалга ошириш натижасида 2016 йилга бориб вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 1.4 баравар ошади.

Дастурга мувофиқ, Қашақадарёнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида турли манбалар ҳисобидан 101 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

Хусусан, 20 та янги туристик автобуслар сотиб олиш, “Қарши” аэропортида сайёҳларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган зал очиш, “Китоб” темир йўл бекати биносини таъмирлаш, вилоятнинг турли туманларида 30 дан ортиқ янги меҳмонхоналар қуриш ва мавжудларини жаҳон андозаларига мос равишда реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари мазкур Қарорга асосан Китоб туманининг Мингчинор қишлоғида янги тоғ-чанғи курорти ва канат йўли очилиши ҳам режалаштирилган.