Темир йўл хизматидан 19 миллиондан зиёд йўловчи фойдаланди

Қўшилди: 26 декабр 2013 10:46
Кўрилди: 15514
Комментарии: 3
Темир йўл хизматидан 19 миллиондан зиёд йўловчи фойдаланди
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси томонидан темир йўллар ягона миллий тармоғини такомиллаштириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда айни пайтда юкларнинг 70 ва йўловчиларнинг 60 фоизи, импорт ҳамда экспорт қилинадиган юклар умумий ҳажмининг 90 фоизи мамлакатимиз темир йўллари орқали ташилаётганлиги таъкидланди. 2013 йилги юк ва йўловчи ташиш кўрсаткичлари ҳам соҳанинг жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради. Масалан, шу даврда 82,9 миллион тонна юк ташилиб, юк айланмаси 22,6 миллиард тонна-километрни ташкил этган. 19 миллиондан зиёд йўловчи темир йўл хизматларидан фойдаланган, йўловчи ташиш айланмаси 3,6 миллиард йўловчи-километрни ташкил қилган, дея хабар беради ЎзА.

Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездида бугунги кунгача 400 мингдан зиёд йўловчи ташилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу темир йўл транспорти орқали йўловчи ва юк ташиш ҳажми йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолатдир. Шу билан бирга, темирйўлчилар олдида турган қатор муҳим вазифаларнинг ҳал этилиши темир йўл транспорти хизматларига бўлган эҳтиёжни қондириш баробарида, унинг сифатини ҳам ошириш имконини беради. Хусусан, темир йўл линияларининг электрлаштирилиши натижасида уларнинг ўтказувчанлик қобилияти ва иш самарадорлиги ортади, эксплуатация сарф-харажатлари камаяди.

Маълумки, 2012 йилда тегишли Давлат дастури асосида Тошкент-Самарқанд темир йўл линиясининг Янгиер-Даштобод-Зарбдор-Жиззах ва Ғаллаорол–19-разъезд–Маржонбулоқ участкаларини электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилган эди. Айни пайтда Мароқанд – Қарши ва Қарши – Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш ишлари давом эттирилмоқдаки, бу пойтахтимиз ва Самарқанддан жанубий ҳудудларгача юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини йўлга қўйиш имконини беради.

Тармоқнинг туризм салоҳиятини амалга ошириш, чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар учун барча зарур шароитларни яратиш темир йўл компанияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шу мақсадда компаниянинг шўъба бўлими – “Ўзтемирйўлйўловчи” очиқ акциядорлик жамияти томонидан 2013 йилда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари бўйлаб “Afsona” ва “Orient Silk Road Express” махсус сайёҳлик поездлари қатнови йўлга қўйилди. Масалан, жорий йилнинг апрель ойида ишга туширилган “Afsona” поезди Тошкент-Самарқанд-Қарши-Бухоро-Урганч йўналиши бўйича қатнайди. Май ойида эса Тошкент-Урганч-Тошкент йўналиши бўйича иккинчи ва учинчи “Afsona” поезди қатнови йўлга қўйилди. Ҳар бир поезд саккизта қулай ва шинам вагондан иборат.

2013 йилнинг 16-23 сентябрь кунлари Германиянинг “Lernidee Erlebnisreisen GmbH” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент-Қамаши-Китоб-Бухоро-Урганч-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйлаб қатнайдиган ғоят шинам “Orient Silk Road Express” сайёҳлик поездининг дастлабки қатнови амалга оширилди. Германия, Норвегия, АҚШ, Франция ва Швейцариядан 70 нафар сайёҳ поезднинг биринчи йўловчилари бўлди. Вагонлар Буюк ипак йўлидаги шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилиш учун барча зарур қулайликларга эга.

Матбуот анжуманида мутахассислар 2013 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси тизимида 1,5 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилгани, ушбу йўналишдаги таълим муассасаларининг 2,3 минг битирувчиси иш билан таъминланганини маълум қилди.
Гость
Гость
24 январ 2014 11:36
da
Администратор
Администратор
27 декабр 2013 23:03
Скоро сделаем!
Гость
Гость
26 декабр 2013 16:15
на русском бы сайт сделали а то новость видно интересная а прочесть не могу.