"Шарқ тароналари"да СДЧТИ талабалари таржимонлик қилишади

Қўшилди: 17 август 2013 08:26
Кўрилди: 16344
Комментарии: 0
"Шарқ тароналари"да СДЧТИ талабалари таржимонлик қилишади
Самарқандда “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик доирасида меҳмонларни кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга транспорт хизмати кўрсатиш, гид ва таржимонлар бириктириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
– Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида саксондан ортиқ меҳмонхона мавжуд. Фестиваль иштирокчиларини ҳар томонлама қулай бўлган меҳмонхоналарга жойлаштириш режалаштирилмоқда, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими раҳбари Илҳом Сувонов ЎзА га берган интервьюсида. – Жумладан, қатнашчиларнинг асосий қисми истиқомат қиладиган “Афросиёб палас” меҳмонхонасида халқаро андозаларга мос, юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Фестиваль олдидан меҳмонхона таъмирланиб, янги жиҳозлар билан таъминланди. Ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари якунланиш арафасида. “Регистон Плаза”, “Регистон”, “Арк Самарқанд”, “Регал палас”, “Диёра”, “Идеал”, “Нодир Самарқанд” меҳмонхоналари ҳам фестиваль иштирокчилари ва фахрий меҳмонлар, ҳайъат аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимларини қабул қилишга шай ҳолатга келтирилди. Яна бир неча меҳмонхона захира сифатида меҳмонларни жойлаштиришга тайёрлаб қўйилди. Хорижлик меҳмонларга таржимонлик қилиш ва гид-экскурсовод вазифасини бажариш учун Самарқанд давлат чет тиллар институтининг энг фаол талабалари саралаб олинди. Улар билан бир неча марта ўқув семинарлар ўтказилиб, дунё халқлари мусиқа маданияти, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ташкил этилиши ва аҳамияти, Самарқанддаги тарихий обидалар, вилоятда кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Фестиваль иштирокчилари бориши режалаштирилган тарихий обидалар, Самарқанд шаҳри ва туманлардаги маданий-маиший иншоотлар, истироҳат боғлари бўйича ҳам энг сўнгги маълумотлар жамланиб, таржимонларга тарқатилди. Меҳмонларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида замонавий автобус ва енгил автомашиналар ажратилиб, зарур воситалар билан таъминланди.