«Эримнинг ишхонасида жазмани бор! Бўшатиб олсаммикан?!»

Қўшилди: 26 сентябр 12:00
Кўрилди: 359
Комментарии: 0
«Эримнинг ишхонасида жазмани бор! Бўшатиб олсаммикан?!»
— Турмуш ўртоғимнинг ишхонасида аёллар кўп. Шу кунларда эрим жуда ўзгариб қолган. Хиёнат аломатларини сезиб юрган кезимда унинг ҳамкасбларидан бирига илакишиб қолганини эшитдим. Гапга солсам, у эди, бу эди, деб аравани қуруқ олиб қочади. Қайнонам ўғлига тушунтириб қўймоқчи бўлганди, «Нима, ишламай уйда ўтирайми?» деб бобиллаб берди. Энди уйимиздан жанжал аримай қолган. Менимча, ягона чорам, ишхонасига бориб, раҳбариятга учраб, ўша аёлнинг танобини торттириб қўйиш ва хўжайинимнинг ишини ўзгартириш...
Малоҳат, 29 ёш

Яна хиёнат. Яна хиёнатдан куяётган аёллар мурожаати. Яна шу мавзуга қайтиш фикри бизни ўйлантирди. Бироқ охирги пайтларда таҳририятга шу мазмундаги қўнғироқларнинг бирлашган нуқтаси — ишдаги ишқ можораси эканлиги сабаб масалани таҳлил қилишга киришдик.
Мутахассис — руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА.

Огоҳлантирамиз!
Ҳурматли аёллар, бу гал ҳам мақоламиздаги фикрлар сизга қаратилган. Биз хиёнат сабаблари ва оқибатларини тафтиш қилиб, ярангизни тирнаш мақсадида эмасмиз, аксинча унга малҳам бўлишни истаймиз. Яъни қачонки ҳақиқатга тик боқсак, уни юзага чиқара оламиз. Бунинг устига, таҳририятга эрингиз эмас, сиз — эридан гумонланаётган, эри юраётган аёл мурожаат қилаяпсиз. Саҳифамиздаги гаплар, маслаҳатларни ўқиб, «Айбдорлар қолиб, мен — жабрдийда нишонга олинибман», деманг! Юронғич эрлар, оилали инсоннинг бошини айлатиргувчи жувон/қизларга ҳам айтар сўзларимиз бор. Уларни кейинги сонларимизда ўқийсиз.

Шубҳаларнинг ўчоғи қайда?
Келинг, аввало, аниқлаб олайлик: эрингизнинг ишхонасида «кимидир» борлиги тахминми, шубҳами ёки аниқ факт? Балким ҳаётда, жамиятда ўрнингизни тополмаётганингиз сабаб гумонлар ичида ёнаётгандирсиз. Эри ҳар куни охори тўкилмаган костюм-шимларни кийиб, ишига шошиб отланадиган, ўзи эса эски халатда, патала сочи билан уйда қоладиган аёлнинг ташқи кўринишидан кўнгли тўлмайди-да. Ёки турмуш ўртоғи доим рақамлар, беморлар, техникалар ва яна алламбало уй бекалари тушунмайдиган ташвишлар билан жавлон ураётган, ўзи эса «Бугун кечга нима овқат қилсам экан?» деган жуда мураккаб саволлар ичида қолган аёлнинг ўзига бўлган ишончи сусайиб кетади. Ҳар куни ҳар хил инсонлар билан учрашиб, мулоқот қиладиган эркак чарчаб уйга келганида бир хил ҳаётдан зерикиб кетган аёлнинг турмуш ўртоғининг бепарволигидан асаблари таранглашади. Ва шубҳанинг тузоғига осонгина илинади: мен уйда ўтирибман, эрим эса маза қилиб «юрибди»... Хўш, сизда ҳам бу ҳолатларнинг бирортаси кузатилаяптими? Ҳа, жавобини берсангиз, носоғлом рашкнинг домига тушаяпсиз. «Болаларимнинг отасининг ишхонасида ўйнаши бор», деган «ўйингиз»ни хаёлингиздан ҳайдаб солинг. Магарки, далилингиз аниқ бўлса, ҳаракатни бошланг. Ҳаётнинг ўзи сизни огоҳлантираяпти.

Нега ҳамкасби билан «юради»?
Маълумки, тиббиётда касалликнинг пайдо бўлиш сабабларини аниқлаш даво чораларини осонлаштиради. Сизда хиёнаткорга нисбатан аниқ ташхисингиз (тўғрими-нотўғрими), бўлса, демак, имкониятингиз кенгроқ. Яъни кутилаётган хиёнатнинг олдини олиш ёки юзага келган вазиятни тўғирлаш имкони. Бунинг учун ишдаги ишқий муносабатларга замин яратган сабаб ва унинг омилларини ўрганиш керак.
Хиёнатнинг сабаби — хотин эрининг руҳий эҳтиёжини қондира олмаслиги. Эҳтиёж, бу қондирилиши шарт бўлган талабдир. Масалан, «Менинг торт егим келаяпти, олиб беринг», десангиз, талаб қилаётган бўласиз. Агар «Менга сув беринг, бўлмаса, ҳозир ҳушимдан кетиб қоламан», десангиз, демак, сувга эҳтиёж сезаяпсиз. Йигитлар уйлангач, хотини уни бахтли қилишига, излаганини аёлидан топишига ишонишади ва шуни кутишади. Мана шу кутганининг амалга ошмаслиги эркакни қийнайди. Қараса, аёли унинг камини тўлдирмаяпти. Айниқса, ёш оила қурганларда бу ҳол кўп кузатилади. Кейин нима қилади, уйдан топмаганини кўчадан излайди. Савол туғилади, нега айнан ишхонасидан «излаганини» топади?

Бу ҳолатни ҳам юзага келтирувчи ўзига яраша омиллар бор. Улар қуйидагича:
1-омил: умумий фикрлар мавжудлиги. Эркак киши учун ишлаётган соҳаси муҳим аҳамият касб этади. Сиз ҳар икки гапингизда «Шу ҳам иш бўлдими?» «Бу юришингизда лавозингиз ҳам, маошингиз ҳам ошмайди», деб дийдиё қилаверсангиз, унинг аввало ўзидан, танлаган касбидан ҳафсаласи пир бўлади. Ишхонасида эса унинг меҳнатларини эътироф этадиган аёллар бор. Демак, эрингизга сиздан кўра улар билан мулоқат қилиш қизиқ ва ёқимли.
2-омил: маълумки, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор заҳрини уйда сочади-ю, ишхонасида фариштага айланади. Чунки жамиятда ўрнини топишни истаган киши борки, жамоада ўзининг ижобий жиҳатларини намоён қилади. Хиёнатга мойил эрингиз шу важдан ҳам сизни «у» билан солиштиради. «Хотиним гапимни тушунмайди, котибам эса нима дейишимни кўз қарашимдан билади», деган гаплар тилга кўчади-да.
3-омил: эркаклар кўзи билан севади. Чиройли, ўзига қараган аёлга хушомад қилишни қарз деб билишади. Агар турмуши, хотинидан чарчаган эрнинг хушомадларига қулоғи билан севувчи аёл учраб қолса, сиз қўрқаётган муносабатлар юзага келиши мумкин.
4-омил. ҳамкасб аёл эрингизнинг шахсий ҳудудига дахл қилмайди. Бу эр киши учун муҳим. Чунки у оила масъулияти, рўзғор судраш юки, сизга қайсидир маънода “мустамлака” эканидан чарчайди. Ва мутахассислар фикрича, ҳар олти ойда эркакларда ўзини озод қушдек ҳис қилиш ҳисси исён қилади.

Биз — аёллар бунга йўл қўймаймиз. «Қочса», «югуриб етиб оламиз».
Яна бир бор таъкидлаймиз, бу омиллар хиёнат эмас. Агар оилангиз хиёнат жари ёқасида турган бўлса, унинг чуқурликка итарилишига хизмат қилувчи важлар, холос.

Энди нима қиласиз?
  • Хиёнатдан фожеа ясаманг! Тақдири азал деган тушунчани тан олинг. Агар пешанангизга хиёнат аччиғини тотиш ёзилган бўлса, демак, сизга тақдир огоҳлантирувчи чироқларни ёқаяпти. Шунинг учун ўзингизни қўлга олиб, курашишда давом этинг.
  • Ишхонасига чопманг! Тушунамиз, эр бермоқ аччиғида кўзингизга ҳеч нарса кўринмайди. Турмуш ўртоғингизнинг ишига отлаётганда унинг обрўсини тўкишингизни, болаларингиз ризқини қирқишингизни биздан яхши билиб турибсиз. Тўхтанг! Хиёнаткорнинг изидан қувиш, унинг адабини бериш билан ҳеч нарсага эришмайсиз. Эрингизнинг обрўсини тўкиб, руҳини синдириб ёнингизда олиб қолишингиз мумкин, кўзи ҳам мошдек очилар, аммо бундай инсон билан яшаш осон кечмайди.
  • Ишдан бўшатиб олиш чора эмас. Токи оилангиз, ўзаро муносабатларингизда хатоликларни тўғирламас экансиз, эрингиз «юриш»да давом этаверади.
  • Ўз устингизда ишланг! Ташвишларингиз, юмушларингиз бошингиздан ошиб ётган бўлса-да, турмуш ўртоғингиз учун янгилик қилишга, ўзгаришга мажбурсиз.
  • Сиз ҳам ишга киринг. Ишхонадаги ҳамкасблар билан яхши муносабат қилиш табиий ҳолатлигини кўриб, шубҳалардан халос бўласиз ва эрингиз истагандек аёлга айланасиз. Чунки у уй бекаси қиёфасидан чарчагани учун ҳам ҳамкасбига илакишган.
Жаноб хиёнаткор...
Ишхонадаги аёлларга ўралашиб қолган экансиз, демак, карьера зиналаридан илдамлаяпсиз. Чўнтагингиз ҳам қаппайиб қолгандирки, ўзингизга меъёрдан ортиқ эрк бераяпсиз. Билиб қўйинг, ҳаром аралашган оиладан барака қочади, эгри йўлга юрган одамни охири берк кўча кутади. Инсофга кириб, бу «ўйин»ларга барҳам бермасангиз, ҳам оилангиздан, ҳам жамиятдаги ўрнингиздан айрилишингиз ҳеч гапмас.

МУХЛИСА
Манба: «Sug'diyona» газетаси