Турмушимизни енгиллаштирувчи дастурлар билан танишинг!

Қўшилди: 23 сентябр 15:30
Кўрилди: 587
Комментарии: 0
Турмушимизни енгиллаштирувчи дастурлар билан танишинг!
Биз ҳақиқатан ҳам ажойибот ва мўъжизаларга тўла даврда яшамоқдамиз. Ўқишга ёки ишга боргунча, смартфон қадамларингизни, юрагингиз уришини санаб, жисмоний ва руҳий ҳолатингизни кузатиб боради, ҳаётингизнинг энг эсда қоларли воқеаларини суратга олиб, тарихга муҳрлайди, қўшиқ айтади, видео кўрсатади. Биз юқорида “ақлли” телефоннинг баъзи бир фазилатларини санаб ўтдик, холос. Унинг яна ҳаётимизни енгиллаштирувчи бир қанча иловалари мавжуд. Қуйида вақтингизни тежаб, сизга фойда келтирувчи телефоннинг яна бир неча муҳим фазилатларини санаб ўтишни лозим топдик...

Memrise билан чет тилини ўрганамиз. Memrise — чет тилини ўрганаётганларга янги сўзларни эслаб қолиш учун энг қулай иловадир. Инсон мияси кунига қабул қилган ахборотларнинг 80 фоизини икки соат ўтгандан кейин унутади. Бу дастур эса хотиранинг интервал тизимидан фойдаланиб, янги сўзларни умрбод хотирасида сақлаб қолади. Дастур хотиранинг турли қисмларига таъсир этувчи бир неча ўйинлар мажмуи: аудио-визуал ўрганиш, такрорлаш, мустаҳкамлаш, ёрқин суратлар ёрдамида эслаб қолиш каби ўйинлардан иборатдир. Тизим қуйидагича ишлайди: аввало таржима хотирада сақланади, кейин ёзиш қоидаси эслаб қолинади ва ниҳоят охирида ҳаммаси овоз чиқариб айтилади. 
Ишлаб чиқарувчиларнинг маълумот беришича, бу усул орқали соатига 44 та сўзни ёдда сақлаб қолиш мумкин. Инглиз тилини ўрганиш курслари турли-туман бўлиб, TOEFL, IELTS, инглизча бизнес, бошловчилар учун каби хилма-хил кўриниш­ларга эга. 
Илова билан танишиш мақсадида бўл-ганлар аввал ишлаб чиқарувчининг memrise.com сайтида рўйхатдан ўтиб, ўзига қулай бўлган ўқув курсини танлаши лозим.

Транжира. Аҳолининг жуда кам қисми оила бюджетидаги балансни назорат қилиш учун ҳисоб-китоб дафтарчасини юритади. Ҳар ой ҳаммани битта: “Пулларим қаёққа кетяпти, ахир кечагина анча пулим бор эди?..” деган савол қийнайди. Бу савол сизга ҳам яхши таниш бўлса керак? Баъзида ёрқин рекламалар ақлингизни хиралаштириб қўйса, кераксиз харидларни амалга оширганингизни сезмай қоласиз. Бундай пайтда турмушнинг молиявий томонини назоратга олиш учун содда ва қулай бўлган “Транжира” иловаси ёрдамга келади. Унинг кирим ва чиқимлари бир неча тоифаларга бўлинган, улар пулнинг қаердан келиб, қаерга кетаётганини назорат қилади. Ой охирида эса пулларингизнинг қаерга оқиб кетгани ҳақида статистик маълумотга эга бўласиз.

Evernote — дангасалар учун Аксарият ҳол-ларда “ҳеч нарсага вақт тополмаяпман”, деб бошқаларни эмас, ўзимизни алдаймиз. 
Ҳар бир инсон тасарруфида сутканинг 24 соати мавжуд, бирор да-қиқаси ортиқча эмас. Кимгадир бу соатлар етарли бўлса, кимгадир камлик қилади. Дангасаликни бир четга йиғиштирадиган бўлсак, кўп муаммоларнинг сабаби ишни ташкил эта олмасликда эканлиги маълум бўлади. Evernote дастури ҳар томонлама қулай ва фойдали бўлиб, иш самарасини оширишга ва вақтни тўғри тақсимлашга хизмат қилади.
Дастур кўп функцияли блокнот тарзида тузилган бўлиб, нафақат ундан фойдаланувчига наф келтиради, балки вақтини тўғри тақсимлашни истаган ҳар бир одам учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Evernote нинг асосий вазифаси ҳамма нарсани эслаб қолишдир. Унинг ёрдамида қўлёзма матни, қайдлар, фотосуратлар ва бошқа маълумотлар блоктнотдаги папкаларга жойлаштирилади ҳамда пароль билан ҳимояланади. 
Шунингдек, илова PDF форматидаги файлни матнли ҳужжатга айлантиради, ҳужжатларни сурат шаклига келтиради, кейин эса уларни матний қисми орқали топа олади, сервиснинг десктоп версиясини бир-бирига мослайди. 
Бундан ташқари, Evernote да браузерни кенгайтириш имконияти мавжуд. У дарҳол интернет материалларини, шу жумладан, мақолаларни, тасвирларни, ажратилган матнларни, муҳим электрон мактубларни, сизни қизиқтирган ҳар қандай веб-саҳифани хотирада сақлаш хусусиятига ҳам эгадир.