ЎФФ хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқмоқда

Қўшилди: 19 сентябр 22:00
Кўрилди: 560
Комментарии: 0
ЎФФ хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқмоқда
ЎФФ матбуот хизмати Федерация томонидан бугунги кундаги кўриб чиқилаётган устувор масалалар юзасидан маълумот берди.
Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала бор.
Биринчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийини тайинлашдир. Айни пайтда янги раҳбарият миллий терма жамоага бош мураббий тайинлашда фақат хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқаётганлигини маълум қиламиз.
Иккинчиси, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишдир.ЎФФ структурасида футболдаги коррупцияни олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди. Бу бўлинма ва қўмита фаолиятини ЎФФ Президенти шахсан назорат остига олади.
Учинчиси, болалар ва ўсмирлар футболини қинғирликлардан тозалаш бўлиб, ёшларнинг футбол мактаблари ва клубларига жойлашишида, шунингдек, машғулотлар жараёнида маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликка йўл қўйилмаслиги ва спорт принципларининг бирламчи бўлишини таъминлашга қаратилади. Бундан ташқари, футболчиларнинг ёшларини сохталаштиришкаби иллатга қарши курашиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар белгилаб олинади. Федерациянинг “Ҳар бир болага биттадан тўп” номли янги ривожлантириш дастури ишга туширилади.
Тўртинчиси, федерация ишининг шаффофлигини таъминлаш ва шу орқали фуқароларнинг федерацияга ишончини ортишига эришишдир. Аксарият мурожаатларда федерация халқнинг маблағини суистеъмол қилганликда айбланади. Фуқароларда пайдо бўлган нотўғри тасаввурни йўқотиш учун федерациямолиялаштириш учун маблағни қаердан олиб, қаерга сарфлашини шаффофлаштиришни таъминлайди.
Бешинчиси, терма жамоалар, чемпионат, кубок ва биринчилик ўйинларигаэлектрон чипталар савдосини йўлга қўйиш орқали ишқибозлар чипталарни ўз нархида ва тенг тақсимлаш тизимини йўлга қўйишдир. Бу билан чипталар савдосига чайқовчиларнинг таъсирини камайтириш, ҳудудлардаги ишқибозларнинг ўз уйларидан туриб ўйинларга чипта сотиб олишини таъминлаш каби қулайликларни яратиш асосий мақсад қилиб олинган.
ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов ушбу ҳафтада ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашади. Кейинги ҳафтада эса ЎФФда амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар юзасидан футбол жамоатчилигига ахборот берилади.