Ким ўзини хунук дейди?

Қўшилди: 18 сентябр 12:00
Кўрилди: 97
Комментарии: 0
Ким ўзини хунук дейди?
Дарҳақиқат, ҳар ким ўз кўринишидан ўзича фойдаланади. Айримлар ташқи кўринишини руҳиятига мослаб шакллантирса, яна кимдир бутунлай тескари: маккорлик, бадхулқлик, беҳаёлик каби жиҳатларни айнан гўзаллик ортида сақлайди.
Ақли расо кишилар ҳам борки, улар гўзалликнинг омад калити эканини тўғри англаб етишади ва донишмандлар айтганидек, “Гўзалликни ўзингга чақир ва гўзал хулқлар даъватини қил” қабилида иш юритишади.
Ташқи кўриниш инсоннинг қизиқишларини, атрофга бўлган муносабатини, маданиятини ошкор қилувчи восита ҳамдир. Палапартиш кийинган кишини гарчи у танишингиз бўлса ҳам, кўп ҳолларда ҳуш кайфият билан қабул қилиш қийин. Жуда бўлмаса, унга маданият билан кийиниш юзасидан “маъруза” бошлашингиз тайин. Баъзан бачкана ва юпун кийинган кишиларга ачиниш кўзи билан қарашади.
Аслида эса улар бошқаларни унчалик назарга илмаганлиги учун палапартиш кийинади деб баҳолаш керак экан.
Ташқи кўриниш, очиқ чеҳралик нафақат аёлларга, балки эркаклар учун ҳам жуда муҳим аҳамиятли ва муваффақиятларга эришишдаги зарур омиллардан биридир. Тўғри, гоҳида ҳақиқатдан ҳам шароити етарли бўлмаган кишининг нобоп ва кир кийимларни кийганига гувоҳ бўламиз. Аммо инсоннинг шароити етарли эмаслиги унинг кийимларини кир ҳолатда кийиши учун оқловчи омил бўла олмайди. Шундай экан, майли бисотингизда икки ёки учта кўчага чиқишда кийиладиган либосингиз бўлса ҳам, озода сақлаб фойдалансангиз, шунинг ўзи покиза ва саранжомлигингиз ҳақида етарлича хулоса беради.
Яна бир жиҳат, ташқи кўриниш инсоннинг шахс сифатидаги имкониятини ўзи томонидан тақдирланишидир. Масалан, сиз ўзингизни юксак ҳурматга арзийман деб ҳисобласангиз, шунга яраша кўриниб, ўзингизни тутишга урининг. Бу билан инсоннинг ташқи кўринишига қараб баҳо бериш яхшимас, демоқчимисиз? Тўғри, аммо ўзини севмай туриб ўзгаларга севдириш осон эмаслиги маълумку.
Ҳар қалай, юпун кейинган киши ҳурматга нолойиқ дейишдан йироқмиз. Ёдингизда бўлсин, энг сўнгги урфдаги либосларни кейиб ҳам заррача эътиборда бўлмаган кишилар атрофингизда йўқ эмас. Демак, аввало хулқ-атвор чиройли бўлмаса, қолгани шунчаки камчиликларни тўлдирувчи ва яширувчи воситадир.
“Чиройига нон ботириб ейсанми?”
Ҳамиша тозаликни қадрловчи инсон истайсизми-йўқми, атрофида ҳам ўзига жавоб бера оладиган кишилар бўлишини хоҳлайди. Худди танишингиз ёки қўшнингиз ўз ўғли ё қизини “У чиройли эмас”, деган инжиқлигига чидаб уйлантира олмаётган ёхуд турмушга бера олмаётгани каби... Шундай пайтда оналаримиз ва бувиларимиз томонидан айтилиши аниқ бўлган “Чиройига нон ботириб ейсанми?..” қабилидаги гаплар сизни ҳою-ҳавасдан етарлича узоқлаштиради. Йигит-қизни ҳам тушуниш керак, ахир жуфтининг истарали бўлишини хоҳламайдиган инсон бўлмаса керак.
Аммо ҳаёт давомидаги ташқи ўзгаришлар ўша пайтда ёшларнинг хаёлига ҳам келмайди, аммо дуч келгач,кўникади. Шундай бўлса-да, гўзалликка ошно қалб гўзал бўлиб қолаверади. Келинг, бир ўйдаб кўрингчи сиз гўзаллик нима эканлигини тушунасизми ўзи?
Тушунаман дейишга шошилманг, чунки сиз хушрўй эмас деб билган инсонларни кимлардир ардоқлаб юришига гувоҳ бўлмаганмисиз? Албатта кўргансиз, шунда ҳайрат билан ҳам қарагансиз — “Шу одам ёнидаги инсоннинг кўзига чиройли кўринса керак-да?” деб. Демак, ташқи гўзаллик умумий тушунча бера олмайди.
Ҳақли савол туғилади унда ҳақиқий гўзалликни қандай билиш мумкин? Бу ҳақда улуғ ёзувчи Лев Толстой ўзининг “Болалик, ўсмирлик, ёшлик” китобида боплаб таъриф беради: “Менинг назаримда юзнинг гўзаллиги фақат табассумга боғлиқ: агар табассум юзнинг кўркамлигини орттирса, у юз гўзал; табассум юзни ўзгартирмаса, у оддий юз; агар у юзни бузса, у ҳолда бу хунук юз”.
Мана сизга инкор этиб бўлмайдиган ташқи гўзаллик таърифи. Лекин қалб гўзаллиги ҳақида бундай дейиш ноўрин.
“Мени яхши кўрадиганлар сон-мингта...”
Англаганингиздек, маъносида манманликни яшира олмайдиган ушбу сўзлар асосан қайсидир маънода ўзини гўзал сановчи қизлар томонидан кўпроқ ишлатилади. Инкор этиш қийин қайсидир маънода ўзини кўркам санаган қизларни қайсидир маънода яхши кўрадиганлар сон-мингта бўлиши табиий. Аммо шу ўринда қуйидаги мисралар ёдга тушади:
Малоҳатнинг ўзи камдир, гар бўлмаса хуш, ақл,
Ўн ошиқнинг дили бўлма, бир ошиқнинг гули бўл.
Хушбичим кўриниш ҳар қандай кишини эътиборга молик қилиши турган гап. Лекин бу атрофга юқори назар билан қараш дегани эмас. Аксинча, дилида самимийликни шакллантирган кўркам инсонгина истарали ва нурли саналади. Ҳаттоки бунга амин бўлган В.Гюго: “Ички гўзаллик билан йўғрилмаган ҳеч қандай ташқи ҳусн мукаммал бўла олмайди” дея таъкидлаган экан.
Гўзаллик тушунчаси ҳар кимнинг маънавий келиб чиқишига замонавий тил билан айтганда, онги танлаган стандартларга боғлиқ десак, адашмаган бўламиз.
Истарали инсонларни нисбий қиёслаш орқали ҳам кўркамлик ва гўзал хулқнинг чегараси юқлигини англашимиз мумкин. Мисол учун, африкалик энг гўзал қора танли аёл билан хитойлик қисиқ кўзли аёл қиёсини нисбатлай олиб, чин дилдан чиройли санай оласизми? Тилингиз билан дилингизда бўлмаган гапни айтишни истамасангиз, “Ўзлари учун чиройли бўлса керак” дейишингиз мумкин, холос.
Ҳа, ёдингизга тушган ўша ибора ҳаммасига жавоб бўла олади: “Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига”. Аслида инсон хунук бўлмайди, аксинча унинг хулқи хунук бўлиши мумкин. Сиз ташқи томондан хунук деб билган инсон эса шунчаки сизнинг чирой борасидаги қарашларингиз, яъни кўзингиз стандартларига мос келмайди, валласом. Худди африкалик ва хитойлик энг гўзал хонимлардан “ҳайратланганингиз” каби.
Келинг, дидингиз ва қарашларингизга мос келмайдиган кишини кўрганингизда ўзингизда ҳайрат билан қандай туйғуларни кечиришингизни таҳлил қиламиз.
  • Ўртача кўринишдаги киши.
  • Ўзгарувчан кўринишдаги киши.
  • Қарашингизга зид киши.
  • Кўркам киши, тўғрироғи, дидингиздаги киши.
Сиз шундай кишиларни кўрганингизда, унга одатий ва ҳеч қандай туйғуларни ишга солмай муомалада бўласиз. Бирор юмуш билан мурожаат қилса, лозим топсангиз ҳал қилишга, лозим топмасангиз, муҳим бўлмаган иш сифатида қарайсиз. Тўғрироғи, оддий ва ўртача самимий муносабатни маъқул кўрасиз.
Бундай кишилардан танишингиз бўлса, уни нигоҳингиз айнан кўрган вақтингизда қайси томондан қабул қилса, ўша томондан муомала қилишга уринасиз. Кўзингизга хунук бўлиб кўринса, совуққина муносабат, мободо ўзига хос жозиба билан кўринса, тилингизда бўлмаса ҳам дилингизда “Ўзгариб қолибдими?” дея хушомад қилиб қўясиз. Ҳа, албатта шундай пайтда бирор юмуш билан мурожаат қилиб қолса, токи фикрингиз ўзгармагунча ўз ишларини битиришга эришиб қолади.
Демак, бу — сиз хунук деб қаровчи, тўғрироғи, ёнидан ўтсангиз, иложи бўлса кўрмай қолсайди, деган киши. Уларнинг хулқи атрофдагиларнинг муносабати билан тез ўзгарувчан саналади. Шунинг учун сиз уларга беэътибор ва қўпол муомалада бўлсангиз, албатта ўша заҳоти жавоб оласиз ва бунда “саломингизга яраша алик” олгани учун аввал ўзингиздан эмас, айбни ундан қидирасиз.
Агар бирор юмуш билан мурожаат қилса борми, шундай ишонарли баҳоналарни қалаштириб, ўзингиздан узоқ тутишни истайсиз. Дилингиздан ўтадиган гапни айтайми — “Кўринишидан маълум қанақа одамлиги”.
Бундай кишини кўрганингизда, агар у танишингиз бўлса, бир зумда у билан аввалги муносабатингиздаги дилингизга ёққан жиҳат ёдингизга тушади ва сиз жилмайиб қўясиз.
Унга ўзингизда бўлмаган юмуш ва мулоҳазаларни ҳам айтишга уринасиз. Ҳатто у сизга бирор юмуш билан мурожааат қилса, гарчи у қўлингиздан келиши даргумон бўлса ҳам, бажонидил ҳал қилишга киришасиз ва ўзингизни ҳар қандай ишга қодир қилиб кўрсатасиз. Борди-ю унинг мурожаатини ҳал қилиб беролмасангиз, ўзингизни чин дилдан айбдор ҳис қила бошлайсиз. Агар бегона бўлса, табиийки, танишишга уринасиз ёки танишишни орзу қилиб қолаверасиз.
Юқоридаги таърифлаган туйғуларни балки ташқи томондан яширишга уринарсиз, лекин бу сизнинг тарбиявий ҳамда маънавий жиҳатингизга қараб дилингизда шаклланувчи туйғулар эканини тан олинг. Шундай кишилар ҳам йўқ эмаски, улар учун жуда хунук кўринган кишига нисбатан ёки қўрқув ёки масхара билан қарашга ўрганиб қолишган.
Дарҳақиқат, бундай кишиларга қуйидагича савол бериш керак: Сиз нақш устидан куляпсизми, Наққош устиданми?(Наққош — Яратгувчи Тангри, нақш — инсон ва яралган бошқа мавжудотлар)...

Абдулазиз РУСТАМ ўғли