Пластик карта очиш ва терминалларни ижарага бериш учун тўловлар сўмда белгиланди

Қўшилди: 17 сентябр 20:00
Кўрилди: 450
Комментарии: 0
Пластик карта очиш ва терминалларни ижарага бериш учун тўловлар сўмда белгиланди
Марказий банк ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда «сўм» пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари учун амалдаги тавсиявий тарифлар режасига айрим ўзгариш ва қўшимчалар киритди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.
Марказий банк хабарда қайд этилишича, жорий этилган тариф режасига кўра, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов терминаллари учун тўлайдиган ижара ҳақи илгари мос равишда 5 ва 2,5 еврогача эквивалентда ўрнатилган бўлса, эндиликда улар сўмга ўтказилиб, мос равишда 25 минг ва 15 минг сўм этиб белгиланди.
Жисмоний шахсларга йўқотилган ёки шикастланган пластик карточкалари ўрнига янгиси берилса, 10 минг сўмгача, юридик ва якка тартибдаги тадбиркорлардан 15 минг сўмгача ҳақ олиш тавсия этилди. Аввал бу хизматлар учун жисмоний шахслардан 5 евро экивалентигача, юридик ва якка тартибдаги тадбиркорлардан эса 10 евроча эквивалентда ҳақ олинарди.
Юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор учун корпоратив пластик карточкани эмиссия қилишда тижорат банклари 5 еврогача эквивалентда ҳақ олинган бўлса, янги тавсияларга мувофиқ бу хизмат турига ўрнатилган тариф 15 минг сўмни ташкил қилади.
Жисмоний шахслар пластик карточкаларини (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар)ни эмиссия қилиш, пластик карточкаларни блокировка қилиш, шу жумладан, «стоп-лист»га қўйиш ва чиқариш каби хизматлар аввалгидек бепул кўрсатиладиган бўлди.
«Тижорат банклари пластик карточкалардан фойдаланувчиларнинг уларни ишлатишдан манфаатдорлигини оширишга йўналтирилган турли хил бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи хизматларни амалиётга тадбиқ этиш борасидаги ишлари изчил давом эттиради», — дейилади хабарда.