ОФК текширув бошлади. Ўзбекистон ЖЧ—2018 йўлланмаси учун курашга қайтадими?

Қўшилди: 07 сентябр 10:30
Кўрилди: 358
Комментарии: 0
ОФК текширув бошлади. Ўзбекистон ЖЧ—2018 йўлланмаси учун курашга қайтадими?
Осиё Футбол Конфедерацияси 5 сентябрь куни ўтказилган ЖЧ—2018 саралаш учрашувларида юз берган бўлиши тахмин қилинаётган қоидабузарликлар юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда ташкилот сайтида баёнот берилган.
Айнан қайси учрашувлар шубҳага тушгани ҳақида ОФК баёнотида сўз бормайди.
Хабар беришларича, ОФК раҳбарияти текширув юзасидан кейинги қадамларни ташлаш учун тегишли материалларни тўпламоқда. Конфедерация баёнотида қайд этилишича, у текширув юзасидан ФИФА билан ҳамкорлик қилади ва ФИФА юрисдиксиясига тушадиган зарур материалларни тақдим этади.
ОФК ўз баёнотида алоҳида қайд этишича, ташкилот июнь ойида аъзо мамлакатларга Осиё футболидаги барча манфаатдор томонлар сиёсий бетарафлик тамойилига риоя этишлари лозимлиги ҳақида хат йўллаган. Хатда, жумладан, ОФК Низомининг 14.4-бандидан иқтибос келтирилган. Унга кўра, «ОФКга аъзо уюшмалар ўз ишларини мустақил ва учинчи томонларнинг асоссиз аралашувисиз юритишлари лозим».
5 сентябрь куни ЖЧ—2018 саралаши доирасида Осиёда олти учрашув бўлиб ўтди. Улардан бири Тошкентда ўтказилди — Ўзбекистон миллий термаси Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Сурия Эрон билан сафарда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, Ўзбекистонни ЖЧ—2018 йўлланмаси учун курашдан чиқариб юборди.
Қайд этиш жоиз, Эрон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашининг сўнгги гуруҳ босқичида Сурияга қарши мазкур ўйинга қадар бирорта баҳсда (тўққизта ўйинда) ўз дарвозасидан гол олиб чиқмаган, ўз майдонида ўтган барча ўйинларда ғалаба қозонган эди. Сурия Эрон дарвозасига ғалаба тенг иккинчи голини ўйин охирида, Ўзбекистон — Жанубий Корея (0:0) учрашуви якунига етганидан сўнг урган эди.
Маълумот учун, Эрон Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида президент Башар Асад бошлиқ амалдаги ҳукуматни расман қўллаб-қувватлайди, ИШИД ва Суриядаги бошқа исёнчи кучларга қарши курашда Асад ва унинг тарафдорларига моддий ва ҳарбий кўмак кўрсатади.