«SMS»ларни адаштирманг! Жуфтларимизнинг ишончлари поймол бўлмасин!»

Қўшилди: 07 сентябр 2017 11:00
Кўрилди: 627
Комментарии: 0
«SMS»ларни адаштирманг! Жуфтларимизнинг ишончлари поймол бўлмасин!»
Мен сизнинг кимлигингиз, ёшингиз нечидалигини билмайман. Асл исмингиз ҳам номаълум. Ҳатто, бу мактубни ўқиш-ўқимаслигингиз ҳам менга қоронғу! Аммо булар хат ёзмаслигимга сабаб бўлолмайди. Балким сиз кабилар номамни ўқир-да, ярим тунда кимгадир «SMS» жўнатиб, унинг нафақат ороми, балки оиласининг тинчлигини ўғирлашмас...
Мен ўша, сиз «Хайрли тун, қизалоқ» дея хабар жўнатган аёлман. Ёшим ўттиздан ошиб қолган, ўзига яраша бахтли, хотиржам оила бекаси, уч фарзанднинг онасиман. То сиз адашгунингизча ҳамма-ҳаммаси ҳаётимда рисоладагидек эди. Тўғри, турмуш ўртоғим жуда рашкчи. Аммо у менга ишонарди! Ўн икки йиллик турмушимиз давомида у бирор марта менга шубҳали назар билан қарамаган. Билсангиз эди, аёл киши учун эрининг гумонли нигоҳлари остида бир дақиқа бўлса-да яшаш қанчалик оғирлигини! Балким ўшанда қўлларингиз нотаниш рақамларни термасмиди?
«Тинг-тинг». Телефоним хабар келганидан огоҳлантириб овоз берди. Соат тунги бирдан ошган! Она бўлгач, ҳеч қачон тинч ором ололмас экан киши. Болаларим йўталмаяптими, ёмон туш кўриб алаҳсирамаяптими каби ўйловлар билан доим сергак ётаман. Аввалига телефонимнинг ёниб-ўчиб, овоз берганидан ҳайратланмадим. Уяли алоқа компаниясидан қанақадир хабар келгандир-да, деб ўйладим. Ўзи одатда кундуз кунлари ҳам «SMS»лар телефонимни йўқламайди. Байрам, туғилган кунлардагина ёмғир бўлиб ёғилади. Аммо шу тун беш дақиқа ўтгач, яна хабар келди. Бу гал эрим уйғонди. Ва «Кимнинг телефони?» дея сўради. «Меники» ҳеч иккиланмай жавоб бердим. «Тинчликми?» дея у телефонни қўлига олди-да, сизнинг ўша маъшум хабарларингизни ўқиди: «Хайрли тун, қизалоқ!», «Ширин тушлар кўринг, ширин қиз»
Даҳшат! Ҳа, сиз учун бу шунчаки ўйин, биз учун даҳшат! Болаларим отасининг «Ким бу?», «Нима учун сенга «SMS» ёзади?» деган саволларига жавоб беролмайман, ўзимни оқлолмайман тонггача йиғлаб чиқдим. Сиз эса гўшакни кўтариб, воқеани янада чигаллаштирдингиз. «Интернетдан олдим рақамингизни. Ўзингиз ёзган экансиз-ку, ёшим ўн тўққизда, танишаман деб» дедингиз! Мен... мен эса «қаерда?» «қачон?» «адашаётгандирсиз» деганча қолавердим. Эрим қўлимдан телефонни, шу барчасига сабабчи бўлган тўртбурчак матоҳни олди-ю, деворга қараб отиб юборди. У ҳам, мен ҳам эртабалгача ухламадик. Хўжайиним саҳар билан ишига жўнаб кетди. Болаларни мактаб-боғчага ташлаб, мен ҳам ишга келдим. Ҳамкасбларимга ёрилдим. Турли рақамлардан сизга қўнғироқ қила бошладик. Охири адашганингизни тан олдингиз ва турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб узр сўрадингиз! Тўғри, сиз учун ҳаммаси осон кўчди! Аммо мен учун бу кунлар жуда қийин ўтди.
Ҳали оилангиз бўлмаса керак... Биласизми, ишонч шунақа бир нозик нарсаки, у бир дарз кетса, қайта тикланиши жуда қийин. Айниқса, эркак зотида бу туйғу ғурур билан чамбарчас боғланиб кетган. Турмуш ўртоғим сиз билан гаплашиб олгач ҳам, менга бир ҳафта гапирмади. Пиширган овқатимни ҳам емади! Мен айбсиз айбдордек уйда оёқ учида юрдим. Неча бор бу мавзуда гапиришга оғиз жуфтладим, аммо у киши тингшлашни истамади. Эрим аланганинг совишини кутган экан, мен эса гумонлар олови ичида ёниб адо бўлдим. Қўрқдим, жуда! Умр йўдошимнинг ишончини йўқотиб қўйишдан.
Мана, бу воқеаларга ҳам ўн кундан ошди. Тўғри, ҳаммаси жойига тушди. Муносабатларимиз тикланди. Бир қарашда булар ваҳималимасдир. Лекин, унутманг, сизнинг адашган хабаринигз кимнингдир тинч оиласига хавф солади. Бир дақиқа, бир кун, бир ой... балким бир умрга... Шунинг учун, илтимос, бу борада эҳтиёт бўлинг! Телефон деб, гулдек оилаларимиз, жуфтларимизнинг ишончлари поймол бўлмасин!

Сизга нотаниш бўлган АЁЛ