Завқланиб ишлашни истайсизми? Сиз учун 10 тавсия!

Қўшилди: 07 сентябр 2017 10:00
Кўрилди: 589
Комментарии: 0
Завқланиб ишлашни истайсизми? Сиз учун 10 тавсия!
Иш кунингиз якунида эртага ҳаммаси бошқатдан бошланиши ўйлаб юрагингиз орқага тортиб кетаяптими? Қачонлардир сизга бир олам қувонч бахш этган касбингиздан зерикиб ҳам улгургандирсиз балки? Бекорчи ўйлар билан ўзингизни қийнаманг, олдинги иштиёқингизни уйғотишнинг чораси бор!
  • Ўзингизни «жуда уддабуронман-да», деган гап билан тез-тез сийлаб туринг. Арзигулик бирор иш қилганингизда моддий мукофотлашни ҳам унутманг! Аёллар психикаси шундай тузилганки, биз мақтовга эркакларга нисбатан кўпроқ муҳтожмиз. Шунинг учун диққатингизни камчиликларингизга эмас, эришаётган муваффаққиятларингизга йўналтиринг. Ҳар бир эришилган ютуқ учун ўзингизни тақдирлаб туришни одат қилиб олинг. Хоҳ у янги кўйлак бўлсин, хоҳ арзон аммо чиройли блокнот мукофот кайфиятингизни кўтариб, ишчанлигингизни янада оширади.
  • Муомалангиз ширин бўлсин. Бошлиқ ва ҳамкасбларингиз сизни яхши томондан билишсин. Нолимай, норозилик кайфиятини намойиш қилмай, ғийбатлардан йироқ бўлиб, шунчаки очиқ чеҳра билан муомала қилинг. Бошқаларни тинглашни ўрганинг. Шунда жамоангизда ҳам бирдамлик руҳи пайдо бўлганини ҳис қиласиз.
  • Салбий фикрларни хаёлингиздан йироққа қувинг. Бирор ён дафтар ёки қутича сотиб олиб уни «яхши таассуротлар тўплами» деб номланг. Ва унга ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта ишда эришган бирор бир муваффақиятингизни ёзиб ёки шу муваффақият билан боғлиқ бирор детальни солиб қўйинг. Мана кўрасиз, кўп ўтмай ўз меҳнатингиз баланд баҳолашни, қадрингизни билишни ўрганиб оласиз.
  • Ўзингиз учун нимадир қилинг. Анчадан бери режалаштириб юрган бирор лойиҳангиз бўлса, унинг устида ишлашни бошланг ёки ҳаммадан кўра яхшироқ бажара оладиган ишингизга кўпроқ вақт ажратинг. Албатта, ютуққа эришасиз. Бу ютуқ бошқалар томонидан ҳам эътироф этилмай қолмайди ва хизмат лавозимингиз кўтарилиш учун мустаҳкам поғоналардан бирига айланади.
  • Дастлаб ишнинг энг мураккаб қисмини бажаринг. Ёқимсиз ишлардан тушликкача қутулиб олганингиз маъқул. Уларни ортга сурганингиз билан барибир камайиб қолмайди, аксинча куннинг иккинчи ярмида оғир ишни бажариш янада оғирроқ бўлади.
  • Олдингизга янги-янги мақсадлар қўйинг. Биз аёлларга табиат ғайриоддий бир куч ато этганки, унинг ёрдамида бирваракайига бир нечта ғояни кашф этиб, уни амалга тадбиқ ҳам эта оламиз. Бундай имкониятдан тўлақонли фойдаланинг.
  • Ўзингизни қувонтиринг! Иш столингизда туриб баҳру дилингизни яйратиши учун учун севимли гулларингиздан гулдаста буюртиринг, хонангизда хушбўй ҳидли шам ёқинг ёки ўсимликлардан димоқни қитиқлатувчи чой дамланг. Ясмин, лаванда ҳиди куч йиғишингиз, фикрингизни бир жойга жамлашингизга ёрдам беради.
  • Енгил ноз карашмадан уялманг. Ҳар бир аёл учун атрофдагилар диққати ва қарама қарши жинс вакилларининг беозоргина хушомади худди витаминдек зарур. Хушомадларни табиий қабул қилинг. Бунга муносибсиз ахир!
  • Жиҳозлар ўрини алмаштиринг. Хонангиздаги қулай ўзгариш иш унумига ва кайфиятингизга ижобий таъсир қилади. Баҳонада йиғилиб қолган қоғоз уюмини ҳам тартибга келтириб оласиз.
  • Ҳаётдан завқ олинг! Иш деб, шахсий ҳаётни унутиб қўйманг. Дилкаш дўст, эътиборли ота-она, севимли ёр бўлишни уддалаган одамгина тенги йўқ, қимматли ходим бўла олади. Ўз хоббингиз бўлса яна яхши, ишдаги бошоғриқлардан чалғиш учун жуда қўл келади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси