Самвел Бабаян Жанубий Корея билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг мурожаат билан чиқди

Қўшилди: 06 сентябр 21:00
Кўрилди: 426
Комментарии: 0
Самвел Бабаян Жанубий Корея билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг мурожаат билан чиқди
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Жанубий Корея билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг мурожаат билан чиқди.
Мураббий жамоанинг 2018 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичидаги омадсиз чиқишлари бўйича афсусда эканини маълум қилди. Бу ҳақда Газета.уз UzReport TV телеканалига асосланиб хабар берди.
«Бугун биз учун жаҳон чемпионатига чиқиш учун сўнгги имконият берилди. Афсуски, ундан фойдалана олмадик. Яна олға интилиш учун бундай дуранглардан иккита, эҳтимол учтаси етишмади. Бу икки йил давомида қўлимдан келганича ҳаракат қилдим… Афсуски бу етарли бўлмади», — дейди 46 ёшли мутахассис.
Самвел Бабаян миллий термага бошчилик қиладиган кейинги мураббий у қилолмаган ишни уддалашига умид билдирди. «Бу давр ичида таркибга бутун бошли ёш футболчилар гуруҳи кириб келди. Ўйлайманки, Ўзбекистон термасида бошқа шароитларда жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият бўлади. Қайтарман, бошқа шароитларда. Бошқа мураббий билан, эҳтимол, таркибга яна бошқа ёш футболчилар қўшилар», — дея ҳисоблайди мураббий.
Самвел Бабаян жамоага ғалаба учун нима етишмагани ҳақида айтишга тайёр эмаслигини маълум қилди. «Муайян фикрлар бор. Эҳтимол қачондир бой берилган ўйинларда бизга нима етишмаганини айтарман. Бироқ айтишим мумкинки, бу ерда фақатгина жамоа ёки қандайдир мураббийлик ғояси ёхуд камчиликлар айбдор эмас. Бу ерда чуқурроқ таҳлил қилиш керак, нима учун биз Сурия, Хитой ва Жанубий Корея билан энг камида дуранг ўйнай олмадик? Ўшанда рақиблар бизга имкон беришган эди», — деди у.
Самвел Бабаян ўз нутқидан сўнг айни пайтда журналистларнинг саволларига жавоб беришдан маъно йўқ эканини таъкидлади. «Мен бунга тайёр эмасман. Эҳтимол қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарадиган вақт келар», — дея у матбуот анжуманини тарк этди.
5 сентябрь куни Тошкентда терма жамоа Жанубий Корея билан дуранг ўйнади (0:0). Бироқ «А» гуруҳининг Эрон ва Сурия ўртасидаги бошқа учрашуви 2:2 ҳисобидаги дуранг билан тугагач, Самвел Бабаян шогирдлари жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан батамом маҳрум бўлди. Тўплар нисбатига кўра учинчи ўринни эгаллаган Сурия «B» гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган Австралия билан ўйнаб, курашларни давом эттириш имконини қўлга киритди.