Яхши ният — ярим давлат

Қўшилди: 01 сентябр 2017 17:00
Кўрилди: 466
Комментарии: 0
Яхши ният — ярим давлат
Ният қалб амалидир. У ҳар бир ишимизнинг боши, ҳам охири. Ахир амалларимиз ниятларимизга қараб баҳоланади. Шунинг учун ниятни яхши қилайлик.

КЎПРИК ҚУРУВЧИ УСТА
Ака-ука оталаридан қолган ҳовлида кун кечиришарди. Бир тушунмовчилик сабаб ораларига совуқчилик тушди, гаплашмай қўйишди. Кунлар ўтгани сари ўртадаги жарлик катталашиб борарди. Охир-оқибат ҳовлининг қарама-қарши томонларига уй солиб яшай бошлашди.
Бир куни аканинг эшиги тақиллади. Остонада катта ёшлардаги одам турарди:
— Мен устаман, иш қидириб юрибман. Балки ҳовлингизда менбоп юмуш топилиб қолар, — деди.
— Іа, албатта! Іовлини кесиб ўтган ариқни кўраяпсизми? Ўтган ҳафтада укам кавлатди, ўзича ҳовлини ажратиб, ерни чегаралаб қўйди. Бу ерда етарлича тахта бор, — деди омборхонасига ишора қилиб. — Сиз ҳовлини буткул ажратиш учун ўша ариқ бўйлаб тўсиқ қуриб беринг.
Уста дарҳол ишга киришди. Тахталарни олиб чиқди, ўлчаб кесди, рандалади. Бу орада оҳорли кийимларини кийиб олган ака сўради:
— Мен бозорга кетаяпман. Тўсиқ учун яна бирор нарса керак эмасми?
— Раҳмат, ҳамма нарса етарли, — жавоб берди уста.
Кечга яқин шаҳардан қайтган аканинг жаҳли чиқди. Чунки уста ариқ устига кўприк қуриб қўйганди.
— Мен сизга тўсиқ қуринг, дегандим-ку! — деди ғазаб билан устага қараб.
Уста жавоб беришга оғиз жуфтлаганди, уйидан чиқиб кўприкни кўрган ука улар томонга юра бошлади. Акасининг хоҳиши билан қурилди деб ўйлаб, хурсанд бўлган ука шошиб кўприкдан ўтди ва акасини қучоқлади. Ариқ қазитгани, қўпол муомаласи учун узр сўради. Бирпасда икковлари суҳбатга киришиб кетишди. Бу орада анжомларини йиғиштириб, кетишга ҳозирланаётган устага «Шошилманг, меҳмонимиз бўлинг», деб таклиф қилди ака. У эса:
— Раҳмат, қололмайман. Мен ҳали жуда кўп кўприклар қуришим керак, — деди табассум билан…
Нигора НЕЪМАТ қизи

ТИЛАБ ОЛИНГАН ДАРД
Тўқсонинчи йилларда, айни баҳор чоғлари томорқаларда ишлар қизғин пайтлар. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардим. Ўқув йили охирлаб бораётганидан ҳаммада чарчоқ аломатлари сезиларди. Мен ҳам ҳеч бўлмаса бир ҳафта дам олиш ниятида шифокор танишимга учрадим-да, бирор касаллик баҳонасида варақа очиб беришини сўрадим. Ваҳолангки, ўзим соппа-соғ эдим. Шифокор ҳам ҳеч ким текширмайдиган касаллик деб бавосил «ташхис»и билан касаллик варақаси ёзиб берди.
Ишим битганидан хурсанд бўлиб кўчага чиқдим ва шифохона дарвозаси ёнида бир танишимни учратдим. У мотоциклида мени ҳам олиб кетадиган бўлди. Раҳмат айтиб, орқага мингашдим ва йўлни текширганимдан сўнг юриши мумкинлигини, автомашина йўқлигини айтдим. Эндигина қўзғалгандик ҳамки, орқадан катта тезликда келаётган машина мотоциклни уриб юборди. Бу ҳолат жуда тез рўй берди. Мен йўлнинг нариги томонига учиб тушдим. Ажабланарлиси, мотоцикл ҳайдовчисига, яъни танишимга ҳеч нарса қилмаганди. Менинг эса оёғим синганди. Кейин синган оёғим туфайли бир ой шифохонада ётиб қолдим. Қарангки, оёғим тузалганидан сўнг бавосил касаллигини орттирдим. Бир жойда узоқ қолганимнинг таъсири эди бу. Шу хасталик туфайли яна икки ой ишга чиқолмадим. Ишдан бироз ҳордиқ олишни ният қилгандим, ортиғи билан дам ҳам олдим ва ёлғон касалликка рози бўлгандим қимматга тушди...
Гулхумор СИДИҚОВА

ИНШО

Бошланғич синф раҳбари Малика опа адабиётдан бугун иншо ёздиришни режа қилган. Болалар «иншо» сўзини эшитиб, диққатларини жамлаб, яхшилаб ўрнашиб олишди. Ўқитувчи мавзуни иштиёқ билан тушунтира бошлади. Іамманинг кўзи устозда. Шу пайт эшикнинг аста ғичирлаши болаларнинг диққатини бўлди. Мухтор келган эди. У доимий кечга қолувчилардан эмас, аммо бугун негадир бошқача кўринарди.
Синфда ғала-ғовур бошланди.
— Кеч қолиб, дарсни буздинг! — дея зарда билан қўлини столга урди ўқитувчи.
Мухтор индамади. Негадир, хаёли паришон, беписанд турарди. Ўқитувчи бу «қаҳрамон»га қандай жазо беришни ўйлаб, бироз жимиб қолди. Сўнг Мухторнинг тартибсиз уст-бошига разм солди-да:
— Иншо мавзуси ўзгарди! — деди.
Кейин доскага катта ҳарфлар билан: «Зараркунанда Мухтор» деб ёзиб қўйди.
Болалар ёзишга тушиб кетишди. Қўнғироқ чалингач, дафтарлар йиғиб олинди.
Эртаси куни дарс олдидан ўқитувчи дафтарларни стол устига қўйиб, нигоҳларини деразага қадаганча ўйчан ўтирарди, негадир битта дафтар очиб қўйилган, ундаги иншо эса жуда қисқа эди:
Мухторни кечирардим...
«Мухтор менинг яқин ўртоғим эмас. Лекин бугун унга раҳмим келди. Олдин кеч қолганларни кўрсам, бундай бўлмасди. У ўзини оқламади. Кечирим ҳам сўрамади. Фақат ерга қараганча жим тураверди. Унинг нимадандир қаттиқ хафа эканини сездим. Ким билсин, балки онаси касал бўлиб қолгандир? Мухтор укаларига қараб турганида дўхтирга бориб келгандир? Балки укалари бетоб бўлиб, туни билан йиғлаб чиқишгандир? Бизнинг олдимизда устозга тўғрисини айтишга уялгандир? Эҳтимол, бошқа жиддийроқ сабаби бордир.
Мен ўқитувчи бўлганимда, уни кечирардим...»
Гулчеҳра АБДУЛАЗИЗ қизи

Манба: Darakchi.uz