Ҳудудларни ривожлантириш янги принциплар асосида амалга оширилади

Қўшилди: 10 август 2017 16:30
Кўрилди: 713
Комментарии: 0
Ҳудудларни ривожлантириш янги принциплар асосида амалга оширилади
8 август куни Шавкат Мирзиёев «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни Президент расмий сайтида келтирилди.
Ҳужжатда таъкидланишича, «давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини ташкил этиш ва фаолиятини баҳолашнинг амалдаги тизими олдимизга қўйилган вазифаларни самарали ҳал қилишга имкон бермаяпти».
2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, ишни ташкил этиш, биринчи навбатда, жамоатчилик олдида ҳисобот бериш шакллари ва услубларини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, давлат органлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳолатларининг юзага келишига қатъий равишда барҳам бериш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг жойларда ишларни ташкил этишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи мутлақо янги тизимини жорий қилиш ҳақидаги таклифлари қабул қилинди:
Қорақалпоғистон, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш;
секторлар раҳбарларига ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ташкил этиш ва ҳал қилиш, шу жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш юзасидан жавобгарлик юклаш ҳамда ваколатлар бериш;
ҳудудларни бош вазир ва унинг ўринбосарларига бириктириш;
соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;
ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларни барвақт олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан Сенат томонидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашларига ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли ва ҳар томонлама ўрганиш, умумлаштириш ҳамда ишлаб чиқишга масъул бўлган депутат ва сенаторларни ҳудудларга бириктириш, тегишли мансабдор шахсларнинг, биринчи навбатда, аҳоли олдида даврий ҳисобот бериш тизимини, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонларини, шунингдек, юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик чораларини назарда тутган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларни барвақт олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши устидан парламент назоратининг самарали шаклларини жорий этиш бўйича ишларни ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлаш тавсия этилди.
Секторлар раҳбарларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
биринчидан, уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;
иккинчидан, ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;
учинчидан, ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
тўртинчидан, деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;
бешинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.
Секторлар ишини ташкил этиш «маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика» тамойилига кўра амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъул мансабдор шахслар, депутатлар ва сенаторлар иштирокида эшитилади. Секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш тавсия этилди:
тегишли даврда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини танқидий баҳолаш;
аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, ёшларни ташвишга солаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига киритиш учун таклифларни муҳокама қилиш.
Ҳудудларга бириктирилган бош вазир ва ўринбосарларининг асосий вазифалари ва функциялари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳудудларни комлекс ривожлантириш бўйича секторларнинг ишини, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда орқада қолган туманлар ва шаҳарларда самарали ташкил этиш;
туманлар, шаҳарлар,маҳаллалардаги ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларнинг самарадорлиги ва уйғунлигини таъминлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан узвий ҳамкорлигини ташкил этиш;
ҳудуднинг ишчанлик муҳити ва ишчанлик фаоллигини таҳлил қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, шаклланган тадбиркорлик маданияти ва маҳаллий анъаналар, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда, ҳудудни ривожлантириш бўйича манзилли амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш аҳволини таҳлил қилиш, амалга оширилаётган тадбирларнинг аҳоли ҳаётининг сифатига таъсир этиш даражасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
ҳукумат, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари даражасида қарор қабул қилишни талаб этадиган аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
тегишли раҳбарларнинг фаолиятини танқидий таҳлил қилиш якунлари асосида уларни амалдаги раҳбар кадрлар захирасига қўшиш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида таклифлар киритиш.
Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасига:
бир ой муддатда секторлар раҳбарлари, давлат органлари мансабдор шахслари ва ходимлари ўртасида мазкур қарор талабларини тушунтириш бўйича ишларни ташкил этиши;
2017 йил 20 августга қадар муддатда жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг ҳар томонлама таҳлил этиш ва умумлаштириш асосида намунавий «Йўл харитаси»ни ҳамда секторлар раҳбарларининг намунавий иш тартибини ишлаб чиқиш;
бир ой муддатда секторлар раҳбарлари фаолиятининг моддий-техника таъминотини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
2018 йил 1 январга қадар муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини ва бажарадиган ишлар ҳажмини танқидий ўрганиш асосида уларнинг тузилмаси, вазифалари, функция ва ваколатларини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир А.Н. Арипов, Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчилари У.С. Исмаилов, V.А. Голишев, Т.А. Худайбергенов, О.Б. Муродов, бош прокурор И.Б. Абдуллаев зиммасига юкланди.