Аҳмадбой Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда

Қўшилди: 10 август 2017 15:30
Кўрилди: 616
Комментарии: 0
Аҳмадбой Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда
9 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳамда унинг олти нафар шериги гумондор сифатида кўрилаётган иш бўйича суд эшитуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.
Суд мажлисида Турсунбоев ташкил этган “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” фирмалари фаолиятидан зарар кўрган 11 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари тингланди.
Аҳмаджон Турсунбоев Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) “а”, “б” бандлари, 188-модда (Давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) “а”, “в” бандлари.
Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июль ойида Чиноз туманида қўлга олинган эди. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Турсунбоев Аҳмаджон ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 млрд 139 млн сўм ва 7 млн 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мавжудлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди. Гаражида Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо автомашиналарини сақлагани аниқланди.
Суд жараёнидан тўлиқ репортажни тез орада UZ24да ўқишингиз мумкин.