«GM Uzbekistan» ходимларидан бирининг фирибгарликка йўл қўйганлиги юзасидан ахборот берди

Қўшилди: 03 август 2017 14:00
Кўрилди: 335
Комментарии: 0
«GM Uzbekistan» ходимларидан бирининг фирибгарликка йўл қўйганлиги юзасидан ахборот берди
«GM Uzbekistan» АЖ «Сирдарёавтотеххизмат» МЧЖ ходими Абдумурод Хакбердиевни автомобилларни сотишда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларига берилган сертификатлардан фойдаланган ҳолда фирибгарликка йўлга қўйганлиги сабабли қўлга олинганлиги юзасидан тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
«GM Uzbekistan» АЖ ҳар қандай коррупцияга йўл қўйиш ҳолатини қоралайди ва ҳар қандай лавозимдаги шахс ёки ташкилот бўлишидан қатъи назар автомобилларни сотишга урунган ноқонуний ҳаракатга салбий муносабатда эканлигини маълум қилади.
Биз томондан коррупциянинг кўринишларини олдини олиш борасида бир қатор чоралар амалга оширилган (савдонинг янги тизими, аризаларни электрон тарзда рўйхатга олиш, автомобилларни топширишда шаффофликни таъминлаш ва ҳ.к.з).
Корхонанинг ва диллерлик ташкилотларнинг ҳар бир ходими ҳар қандай коррупция ва фирибгарликка йўл қўймаслиги ҳақида ёзма мажбуриятни олган, дейилади компания ахборотида.

“Айтиш жоизки, мазкур ҳолатда ҳам Абдумурод Хакбердиев бошқа ходимлар сингари жорий йилнинг бошида ёзма тарзда коррупция соҳасида қонунчилик меъёрларига амал қилишни бўйнига олган. Бироқ, шунга қарамай у оқибатлар жиддий бўлишини оҳиригача тушуниб етмаган. Шу билан бирга бир шахснинг ҳаракатлари алоҳида ҳолат бўлиб, уни асло «GM Uzbekistan» АЖ автомобилларини сотиш тизимига бутунлай таъсир қилмаслиги лозим. Компаниямиз учун муҳим жиҳат фаолиятни қонун доирасида амалга ошириш саналади, ундан ҳар қандай чекиниш ҳолати қонун билан жазоланади.”

Шу муносабат билан, «GM Uzbekistan» АЖ ҳуқуқ-тартибот ва суд органларига ушбу ҳолатни ўрганишда қўлидан келган кўмакни беришга тайёрлигини маълум қилди.
«GM Uzbekistan» компанияси ходимлари томонидан ҳар қандай таъмагирликка йўл қўйилган ҳолатларда 147-14-14 ишонч телефонларига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиш мумкин.