​ «Эримнинг қамалишига мен айбдорман…»

Қўшилди: 30 июл 2017 18:00
Кўрилди: 334
Комментарии: 0
​ «Эримнинг қамалишига мен айбдорман…»
Ҳафиза кўзларини очганида кун ёришиб, соат саккизга яқинлашиб қолганди. Сапчиб ўрнидан турди-ю, ёнида ширингина ухлаб ётган қизини елкасидан туртди. У инжиқлана бошлагач, «Тез тур, боғчага боришинг керак», дея ўғилларининг хонасига йўл олди.
Боғчага боришни истамаганиданми ё онаси турткилаганда қўрқиб кетгани сабабми, Лола йиғлаганча унга эргашди. 
— Туринглар, то уйғотмагунимча ухлаб ётаверасизлар! — Ҳафиза икки ўғлига жаҳл билан гапира бошлади.
Бири бешинчи синфга, бири иккинчи синфга борадиган болалар ўрнидан туришди-ю, соат неччи бўлганини билиш учун деворга тикилишди. Кўзларини ишқалай-ишқалай соат милларининг бири саккиз рақамининг устида турганини кўришгач, иккиси ҳам ювингани ваннахонага югуришди. Ака-уканинг «мен, мен» дея тортишаётганини кўрган она аламзадалик билан танбеҳ берди.
— Кеча вақтлироқ ухлаш керак эди, телевизорга тикилиб ўтирмасдан. Дадаларингизга ўхшаб, ҳеч нимани вақтида қилмайсизлар.
Аксига олиб, қизи «Дадамга бораман», дея йиғлай бошлади.
— «Дада-дада» деявермай тур сен ҳам! Ҳар куни бориб кўриб келадиган жойда бўлса эканки даданг, югуриб олиб борсам, — қизини силталади Ҳафиза.
Болалар нонушта ҳам қилмасдан апил-тапил кийинишди. Қизи йиғидан тўхтамаган бўлса-да, Ҳафиза уни ҳам боғчага кетиш учун шайлади. Болаларини етаклаб уйдан чиқаркан, қўшнисининг машинаси дарвозлари олдида тўхтади.
— Ҳафиза опа, ўғилларингизни ўзим ташлаб қўяман мактабга, — деди Мурод Ҳафиза унинг саломига базўр алик олса-да.
Жамшид билан Рашид онасининг розилигини кутиб ўтирмасданоқ машина томон чопишди. Мурод йўлда уларни учратса, доим машинасига миндириб олгани учун ҳам болалар ундан тортинишмасди. Қолаверса, онасининг кайфияти йўқлиги, то мактабга боргунча яна дакки эшитишларини мумкинлиги сезишарди. Ҳафиза қўшнисига тил учидагина «Раҳмат» деди, холос.
«Эрим ишига пухта, пишиқ бўлганида, ҳозир шунақа қилиб уч бола билан эрталабдан сарсон бўлиб юрмасдим. Мана, Мурод, атайлаб ўғилларимни машинасига миндирди. Ўзини кўрсатиб қўймоқчи-да!» дея хаёлидан ўтказди жувон. Мурод ҳуқуқ соҳасида ишлагани боис эрининг иши бўйича маслаҳат сўраб борганида, «Опа, қонун ҳамма учун баробар», дея маъруза ўқишдан нарига ўтмаганди.
Боғчага боргач, Ҳафизанинг бир дарди икки бўлди. Боғча пулини тўлаш муддатидан ўтиб кетаётганмиш. Қизининг тарбиячиси бу сўзларни уни писанд қилмаган оҳангда айтгандек туюлди. «Жавоҳир акам мансабда ўтирганида, ойда бир келсам ҳам, атрофимда гирдикапалак бўлиб қолардингиз», деган гап аёлнинг тилининг учида турарди-ю, яна индамади. Олдин бирорта ҳам байрамда қизининг тарбиячисини совғасиз қолдирмаслигини, уйда ҳам пул фақат бир рўзғор қилишга етгулик эканлигини ўйлаб, Ҳафиза қайнонасига қўнғироқ қилишга тутинди. Яқинда болаларининг мактаб кийимларини олиб берган қайнонаси нафақаси келиши билан етказишини айтганида, гапни шартта кесди.
— Қайнакамдан олиб беринг! Мен сўрасам, келинингиз лабини буради! — Қайнонаси «Хўп, бугун» дея гапинини тугатмасданоқ Ҳафиза эрталабдан юрагини куйдираётган аламларини тўкиб солди. — Ўғлингизнинг қўлида пул ўйнаб туради, укасининг болаларидан эса хабар олишни ҳам билмайди. Ўшанда прокурорга озгина тутқазганида, камбағал бўлиб қолмасди.
Ўлмасой ая келинининг гапларини эшитаркан, юраги увишиб кетди. Шунча йил ўқитган, ҳамма жойда отасига раҳмат олиб келадиган ўғли бир кунда пора билан қўлга тушди-ю, қамалиб кетди. Она фарзандининг, ўзининг, оиласининг бир пул бўлган обрў-эътиборига куйсинми ёки қирққа ҳам кирмаган ўғлининг қамоқда ўтирганигами? Жавоҳир қамалганидан бери Ўлмасой ая икки кишига қўшилиш тугул остона ҳатлаб кўчага чиқишга ҳам ийманади. Бир-икки кун Ҳафизаларникида туриб келди. Ҳарна невараларга қараб ўтираман, деган ўйда. Қолаверса, Жавоҳир ҳам «Ойи, болалар ёлғиз қолмасин, бизникида яшаб туринг», деганди. Бироқ келинининг қош-қовоғи, дийдиёлари, нолишлари, Жавоҳирни гўлликда айблашлари эзилган юрагини баттар тимдалади. Қон босими ошиб кетгач, кенжа ўғли уйига қайтариб олиб келди. Ўлмасой ая ҳозир тўнғичига қўнғироқ қилса, унинг биринчи айтар гапи «Жавоҳир қилмишига яраша олди! Мен гапирсам, қулоғига илмаганди» бўлади. Каттаси ўзи ёмонмас, укасининг болаларидан ҳеч нимани аямайди, фақат ҳақиқатни шарта-шарта айтадиганлардан. Ўзи доим меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топгани учун ҳам укасининг хатосини ҳеч кечира олмаяпти-да.
Ҳафиза эса бўлган воқеадан ҳамон ўзига дарс олмаган. Унинг пешанаси шўр ва бунга ўзидан бошқа ҳамма айбдор.
Эри туппа-тузук ишда ишларди. Ҳалоллиги, уддабуронлиги сабаб ёш бўлса ҳам, лавозимидан тез кўтарилди. Беш йил бир банкни бошқарди. Ҳафиза ёлғиз, эрка қиз бўлгани учунми, қайнонасининг хизматини қилишни кўп ҳам истайвермасди. Устига-устак, қайнота тўшакка михланган. Унинг парвариши гарчи қайнонанинг зиммасида бўлса ҳам, кунда-кунора келиб-кетувчи қайнопалариу овсинларига чой-нон қўйиш ҳам малол келарди унга. Эрининг ойлик маоши эса одатда қайнотасининг дори-дармони ва укасининг шартнома пулига кетиб қоларди. Шу важлар туфайли ҳам Ҳафиза алоҳида чиқишни истарди. Жавоҳирни бунга кўндиргунча ҳар нима қилиб кўрди. «Ўзимиз эркин яшаймиз», деб тушунтирди —кўнмади, «Жонимга тегди бу уйнинг адо бўлмайдиган ташвишлари» дея зорланди — Жавоҳир кир машина олиб бериб овутди, охири қайнонаси билан тортишиб икки боласини етаклаб уйига кетди ва шарт қўйди: «Алоҳида чиқсак, кетамиз!» — эри наилож, ота-она розилик бергач, ҳали тўлиқ битмаган ҳовлига чиқишга мажбур бўлди. Эр-хотин алоҳида рўзғорнинг аравасини тортиш осонмаслигини кўп ўтмай тушунишди. Ҳафиза қайнота-қайнонасининг нафақаси ҳам кўп юкларини енгил қилиб турганини ич-ичидан тан олди. Бироқ эрининг қўшимча даромад қилиш имкони борлигини билгани учун бундан афсусланиб ўтирмади. Қайтанга Жавоҳирни ниқтай бошлади. «Олдингизга илтимос қилиб келганларнинг ишини сиз ҳал қилмасангиз, бошқаси битказиб бериб, роҳатини кўради», дея турмуш ўртоғини ўзи ўйлаган «қўшимча даромад»га ундай бошлади. Жавоҳир ҳам ёш эди, бунинг устига, иродаси ҳам бўшлик қилди, атрофида қуллуқ қилиб, ҳар нега шай турганлар, уйга келса, хотинининг фалончи-фалончилар билан солиштиришлари ўз сўзини айтди. Ими-жимида мижозларининг ишини битириб, уларнинг кўнгилдан чиқарганларига иморатининг таъмирини якунлаб олди. Кўп ўтмай «тойчоқ»лик ҳам бўлди. Қараса, ҳеч ким билмаяпти, ҳамма рози, айниқса, хотини ишдан қайтганида эрини ўтирғизишга жой тополмай қолади. Жавоҳир ўзидан мамнун яшай бошлади.
Отаси оламдан ўтгач, акаси унга насиҳат қилди:
— Жавоҳир, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. Шунча ўқидинг, меҳнат қилдинг, ҳурмат топдинг, бир-икки сўмни деб бир кунда ҳаммасини бой беришинг мумкин. Кўзингни оч, ҳаром пул ҳеч кимга буюрмайди, — деди.
Жавоҳир акасининг меҳнатдан қаварган қўлларига боқиб мийиғида кулди.
— Фермангизда ишчиларни кўпайтириб, ўзингиз маза қилиб бошқариб юрсангиз бўлмайдими? — деди нима дейишни билмай.
— Бўлади, лекин ўзим меҳнат қилмасам, кўнглим жойига тушмайди. Яхшиси, сен ҳам ҳалол меҳнат ортидан даромад қилишни ўйла! — дея охирги гапларини алоҳида урғу билан айтди акаси.
Бойлик кўзини кўр қилиб қўйган ука бир неча кун ҳаловатсиз юрди. Акасининг гаплари кўнглига қаттиқ ботди. Ўтган ҳафта онасини кўргани борганида, волидаси ҳам шу мавзуда бироз ёзғирган, отаси бир умр ҳалол меҳнат қилиб, кам бўлмаганини, элнинг дуосини олганини айтиб, кўзлари ёшланганди. Жавоҳирнинг маюс тортиб қолганининг сабабини билган хотини эса шанғиллашга тушди.
— Акангиз ўзи доим шунақа! Асли сизни кўролмайди! Иморат бошлаганимизда қўлида бир сўм пул ё нимадир кўтариб келмади-ку! Энди катта кетишини қаранг. Йўқ бўлса, беролмайди, бор бўлса, кўролмайди, деб шуни айтишади. Сиз ҳаром иш қилаётганингиз йўқ! Одамларнинг ҳожатини чиқараяпсиз! — дея укага акани ёмонлади.
Шу воқеадан кўп ўтмай Жавоҳир пора билан қўлга тушди. Оқибатда бари кирдикорлари очила бошлади. Порахўрлик сабаб эса суд қамоқ жазосига маҳкум қилди. Ҳафиза у ёқ-бу ёқдан таниш топиб, яна пул билан ҳаммасини босди-босди қилиш тараддудига тушди, бундан хабар топган қайнакаси «Жавоҳир ўзи пора билан қўлга тушган бўлса! Яна шу қинғир йўл билан уни қутқараман деб, баттар қилманг, келин» дея огоҳлантиришини бемерҳликка йўйди. Эрининг машинасини сотиб, «Қамоқдан қутқариб бераман», деган бир ёлғончининг қўлига тутқазди. Аммо пулнинг кучи эмас, қонун устуворлик қилди.
Мана, жазо муддатининг бир йилдан ошиғи ўтди. Ҳафиза эрини кўришга боравермайди. Чунки бир гал Жавоҳир «Сенинг кўзинг тўймади», дея ўтган гапларни юзига солди. Шу сабаб ҳам «Кексайганда болаларимнинг роҳатини кўраман», деган онаизор икки ўртада сарсон.
***
Ҳафиза қайнонасига аччиқ қилиб ҳам, хотиржам тортмади. Тилида эрини нотавонлиги сабаб қўлга тушган деса-да, кўнгли ўзининг ношукрлигини тан олиб, алам баттар куйдирарди. Тушликка энди унайман деб турганида, кичик ўғли мактабдан йиғлаб келди. Усти-боши бир аҳвол, ким биландир уришгани аниқ.
— Ойи, дадам қамоқдами? Саид шунақа деди! «Сени отанг ҳаром пул билан қамалган», деб айтди, — деди саккиз яшар боласи ўпкасини босолмай. Катталар болаларга отасини сафарга кетган дея алдашарди-да.
Ҳафиза эрталаб ўзи уриша-уриша мактабга жўнатган боласини бағрига босиб, қандай овутишни билмай қолди.
«Болаларимиз келажаги учун» деб, эр-хотин пул санаган, янги нимадир олишса, хурсанд бўлган кунлари кўз олдидан ўтиб, юрагини афсус-надомат доимгидан-да қаттиқроқ кемирди...
Шоира ВАФОЕВА