Ички ишлар ходимларининг “ички иш”лари

Қўшилди: 28 июл 2017 18:00
Кўрилди: 350
Комментарии: 0
Ички ишлар ходимларининг “ички иш”лари
Ҳаётда қандай яшаш ва қайси йўлдан юриш инсоннинг ўзига ҳавола, лекин ҳар бир хатти-ҳаракатни амалга оширишда бурч ва масъулиятни ҳам унутмаслик лозим. Донишмандлар уч нарсани ортга қайтмайди, дея таъкидлашади: оғиздан чиққан сўз, ўтган вақт ва йўқотилган ишонч!
Зиммаларига аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш каби асосий хизмат вазифалари юклатилган бўлишига қарамай, айрим ходимлар масъулият ва бурч тушунчаларини унутишиб, қинғир ишларга қўл уришди.

“... хато қўлга илинмас” дейдилар, аммо...
Кексаларимиз “Бало кўзга кўринмас, хато қўлга илинмас” деган нақлни кўп қўллашади. Аммо хатони кўз билан кўриб, қўл билан қилсак-чи? Бу қилмишимизни нима билан оқлаш мумкин? Айниқса, юрт тинчлиги, аҳоли фаровон турмушини сақлашдек масъул лавозимга тайинланган, оқ-қорани таниган, эгнига махсус кийим кийган раҳбар ҳамда масъул ходимларнинг ўзлари жиноятга қўл уришса, буни кечириш мумкинмикан?! Юрт шарафи ҳар биримиз учун ҳар доим азиз, она ватан осойишталигини таъминлаш эса барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Аммо эгнига махсус кийим кийиб, хизматни қасамёд билан бошлаган ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари ўз нафсини бурч ва масъулиятидан кўра устун қўйишлари халқнинг уларга бўлган ишончини йўқотмайдими? Жиноятга қарши курашиш ўрнига ўзлари жиноятга қўл уришса-чи?! Масалан, порахўрликка ружу қўйса. Буни бирон бир сабаб ёки баҳона билан оқлаб бўлармикан?!
Қозоннинг қорасини юқтирган шоввозлар
Ўз мансабини суиисътемол қилиб, пул эвазига ноқонуний ишларга йўл қўйган ички ишлар ходимларининг жиноий қилмишлари тафсилотига тўхталамиз. Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин взводи ходими вазифасида ишлаб келган Қувондиқ Болтаев Ҳазорасп туманидаги Тошсақа блок постида хизмат вазифасини ўтаётган вақтда йўловчиларга нисбатан янги қоидани қўллай бошлайди. Иш ва бошқа хизматлар сабабли бирон бир манзилга отланган, юк билан қайтаётган машина ҳайдовчилари ёки эгаларидан пул ундиришни ўзига касб қилиб олади. Машина ёки юк хатининг биронта камчилиги топилса бўлди, пул ундиришга асос ҳам бор. Болтаевнинг бу қилмиши ҳамкасбларига ҳам маъқул келади. Ҳар гал постга навбатчиликка тушишганида ана шу усул ёрдамида даромад топишга ўрганган шоввозлар бу тузоқ ёрдамида осонликча моддий даромад топишни одат қилишади. Аммо бу гал ундай бўлмади.
Қинғир ишнинг қийиғи...
Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин взводи ходими Дониёр Қаландаровнинг телефонда қилган илтимосига кўра юк ортилган машинанинг ҳужжатларини текширмасдан ўтказган Болтаев ҳайдовчидан юз минг сўм пулни олиб қолишни ҳам, уни дарров кўздан пана жойга бекитишни ҳам унутмайди. Аммо унинг бу ноқонуний ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилди. Ўтказилган текширув пайтида Болтаевнинг шахсий машинасидан топилган 600000 сўм пул навбатчилик пайтида ҳайдовчилардан таъмагирлик йўли билан ундирилган пуллар эканлиги аниқланди.
Яна бир ҳолат: ҳожатбарорлик ортидаги таъмагирлик
Давлат маошидан ташқари ҳар куни шунақа тушум бўлса, ким ҳам ўзини йўқотмайди. Айниқса, ваколатинг бўлсаю, таниш-билишингни ишга солсанг, уям бўлмаса, пул эвазига бошқаларнинг ҳожатини чиқарсанг. Бу ишимизни ким ҳам биларди деб ўйлаган ходимлар аслида қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқишини унутишганди. ЙҲҲБ йўл патрул хизмати инспектори лавозимида ишлаган Шавкат Матназаров навбатчилик пайтида таъмагирлик қилишни канда қилмади. Кимнингдир ҳожатини чиқариш каби ҳожатбарорлик аслида осон даромад топишга мўлжалланган ниқоб эди. Юк билан ўтаётган ҳайдовчиларнинг ҳужжатларида камчилик ёки бошқа сабаблар аниқланса, уларга тегишли тартибда чора қўллаш ўрнига чўнтагини қаппайтиришга уринган Матназаров бир куни бу қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришини унутганди. Тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган нефть маҳсулотини вилоят ҳудудига киритиш эвазига ҳайдовчидан маълум миқдордаги пулни қўлга киритган Шавкат Матназаров ҳар гал постга навбатчиликка тушганида ўртача 200 000 сўм атрофидаги “даромад”га эга бўларди.
Банкдан ўғирланган пул: қўриқчи ходимнинг “ов”и фош бўлди
...охир-оқибат инсонни чоҳга қулатади. 2016 йилнинг 30 мартидан 31 мартига ўтар кечаси “Микрокредитбанк” АТБ нинг Боғот туман бўлими биносида рўй берган воқеа анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Банкдан 16 миллион сўм пул ўғирланганлиги ҳақидаги хабар кўпчиликнинг диққатини тортган бўлса, кўп ўтмай ўғри айнан қўриқлаш бўлими ходими эканлиги ҳаммани ҳайратга солди. Боғот туман ИИБ ҳузуридаги туманлараро қўриқлаш бўлими ходими вазифасида ишлаб келган Қаҳрамон Эгамов кундузи ишда бўлса, кечаси “ов”га чиқишни одат қилганди. Аммо ов ҳамиша ҳам бароридан келавермайди. Бу тушунчани унутган шоввоз қачонлардир сири фош бўлишини, қўлга тушиши мумкинлигини эътиборга олмай, шу тарзда кетма-кет жиноятга қўл ураверди. Ички ишлар ходимидан ким ҳам шубҳа қиларди, деган фикр Қаҳрамон Эгамовга ҳар гал далда берарди. Бир томондан бу гапда жон бор, айнан бинодаги осойишталик, тартиб ва бошқа ҳолатларга жавобгар бўлган ходим хизмат вазифасини ўтаётган жойида ўғирлик қилиши мумкин эмас! Буни яхши билган Қаҳрамон Эгамов бу ишга туғишган укаси Дадахон Эгамовни ҳам жалб этади. Бир кишидан икки киши бўлгани яхши-да. Ҳар ҳолда ёрдами тегади. Ҳеч бўлмаганда кўча-куйда ҳушёр туриб, вазиятдан хабардор қилади. Дадахон Эгамов ҳам шу вазифани бажарган. Ўғирликка ичкарига кирган акасини кўчадаги вазиятдан телефон орқали хабардор қилиб турган. “Ов”и бароридан келган пайтларда эса турли буюм ва пулларни олиб, жуфтакни ростлаган. Акаси эса яна иш жойига қайтиб борган.
20 дан ортиқ ўғирлик қилган ака-укага ҳукм ўқилди
Шу тарзда 2015 йил ҳамда 2016 йилнинг биринчи чорагида туманнинг 20 дан ортиқ жойида ўғирлик жиноятларини содир этган ака-ука Эгамовлар ўзларини қўлга тушмас, эпчил дея юқори баҳолашарди. Аммо кун келиб кўза ҳам синиши ҳам бор гап. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судида жиноят иши ҳужжатлари тўлиқ ўрганилиб, жиноят учун жазо тайинланди. Суд ҳукмига кўра, Қаҳрамон Эгамов 9 йил муддатга, Дадахон Эгамов 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Хулоса ўрнида...
Фарзанди бўй чўзиб, вояга етганини кўрган ота-она севинади, уни эл корига ярайдиган, юрт фаровонлиги учун хизмат қиладиган эр йигит бўлишини истайди. Шу мақсадда емай едиради, киймай кийдиради. Аммо ўғил кун келиб, қилмишлари билан отанинг қаддини букса, онанинг кўзини ёшга тўлдирса, тағин эл-юрт, қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида иснодга қўйса, бундан ҳам ёмони ишончни йўқотса, бу хиёнатни кечириш мумкинми?! Юрт тинчлиги, аҳолининг осойишта ҳаётини сақлаш, қонун асосида иш юритиш билан бирга унинг бузилишига йўл қўймаслик каби қатъий қоидаларга амал қилиш ўрнига порахўрлик, таъмагирлик, ўғриликни иккинчи касб қилиб олган мана бу ходимлар сабабли халқнинг ички ишлар ходимларига нисбатан ишончи йўқолмаслигига ким кафолат бера олади?
Болалардан катта бўлганингда қайси касб эгаси бўлмоқчисан, деб сўрасангиз, улар кўпинча ички ишлар ходими деган жавобни беришади. Бу касб эгаларига кўпчилик ҳавас қилиши табиий. Мурғак кўнгилларнинг ҳаваси, халқнинг ишончи айрим ходимларнинг қилмишлари сабабли йўқолмаслиги лозим. Йўқотилган ишонч эса қайта тикланмайди!

Хурсанд Хожаев,
Хоразм вилоят маъмурий суд судьяси
Эрпўлат Бердиев,
жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси.
Наргиза Бўронова, журналист

Манба: Darakchi.uz