Сўровнома: 92,4% ўзбекистонликлар ўз Президентига тўлиқ ишонади

Қўшилди: 24 июл 2017 16:00
Кўрилди: 305
Комментарии: 0
Сўровнома: 92,4% ўзбекистонликлар ўз Президентига тўлиқ ишонади
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида» мавзусидаги жамоатчилик фикри экспресс-сўровини ўтказди.
Экспресс-сўровнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фаолияти тўғрисида мамлакат фуқароларининг фикрини ва ўзбекистонликларнинг давлат Раҳбарига бўлган ишончи рейтингини аниқлаш.
Сўровда 18-70 ёш ва ундан юқори бўлган турли миллат ва соҳа вакиллари иштирок этди.
Жамоатчилик фикрининг экспресс-сўрови шуни ишончли тарзда кўрсатдики, мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги 2016 йил 
4 декабрда сайланган мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз берганлигига қатъий ишонадилар.
Экспресс-сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги – 89,7% Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг давлат 
Раҳбари лавозимидаги фаолиятини ижобий баҳолайди, фуқаролар мамлакат Президенти раҳбарлигида кейинги пайтларда Ўзбекистонда мамлакатни модернизациялашга, давлат ва жамият ҳаётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга йўналтирилган ҳолда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ижобий ўзгаришларга, аҳоли турмушининг даражаси ва сифатини ҳамда фуқароларнинг фаровонлигини оширишга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар.
Қарийб 90% сўровда қатнашганлар Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятини ижобий баҳолаган.
Экспресс-сўров иштирокчиларининг 83,5%, Президент юритаётган сиёсат аҳолининг орзу-умидларига мос келади, деган нуқтаи назарни билдирдилар.
83% иштирокчилар Шавкат Мирзиёев томонидан юритилаётган сиёсат орзу-умидларини оқлаётганини таъкидлади.
“Президент Шавкат Мирзиёевга қай даражада ишонасиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 92,4% “тўла даражада ишонаман”, деган жавобни берган.
Жамоатчилик фикри экспресс-сўрови ўзбекистонликларнинг шунга қатъий ишончини аниқладики, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакат Президенти лавозимидаги фаолияти мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ўстиришга, халқ фаровонлигини оширишга ёрдам беради. Тадқиқот мамлакат фуқароларининг юқори оптимизмини ва гуллаб-яшнаётган давлатнинг келажагига юксак ишончини қайд этди.
Ўтказилган экспресс-сўров натижалари мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида барча давлат ҳокимияти органларининг мувофиқлаштирилган ҳолда самарали фаолият кўрсатишини ва ҳамжиҳатлигини таъминлашга, мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган фаолияти фуқаролар томонидан юксак даражада қўллаб-қувватланаётганлигини намойиш қилди.