Туркия ва Грециянинг курорт шаҳарларида кучли зилзила рўй берди

Қўшилди: 21 июл 2017 16:00
Кўрилди: 351
Комментарии: 0
Туркия ва Грециянинг курорт шаҳарларида кучли зилзила рўй берди
Туркиянинг жануби-ғарбий қирғоқларида кучли зилзила рўй берди, деб хабар берди Rbc.ru нашри.
Зилзиланинг эпимаркази курорт шаҳарлар ҳисобланган Бодрум ва Мармарис шаҳарлари бўлди. Грекларнинг курорт жойи ҳисобланадиган Кос оролида зилзила оқибатида одамлар қурбон бўлди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Туркиянинг Бодрум курорт шаҳридан 12 километр узоқликда Эгей денгизида 6,7 балли зилзила юз берди. Зилзила таъсирида цунами вужудга келганига қарамай, у ҳеч қандай хавф туғдирмади. Одамлар пляжлардан узоқроққа кетиш ҳақида огоҳлантирилди.
Туркия қирғоқлари яқинидаги Грециянинг курорт Кос оролида зилзила оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши тан жароҳати олди. Зилзила маҳаллий вақт билан тунги 1:31 да бўлди. 
Мармарис ва Бодрум шаҳар маъмурияти зилзила оқибатида вайронагарчиликлар рўй бермаганлигини, баъзи бир эски биноларда ёриқлар пайдо бўлганлигини маълум қилди. Провинция губернатори Мехмед Кочадоннинг сўзларига қараганда бир неча киши жабрланган. Улар орасида чет эллик саёҳлар бор-йўқлиги ҳақида маълумотлар йўқ.
CNN Turk нашрининг берган маълумотига кўра, Бодрум шаҳрида 70 киши зилзиладан жабрланган. Уларнинг асосий қисми йиқилиш натижасида тан жароҳати олган. Кос оролида рўй берган зилзила ҳақида британиялик сайёҳлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёзишди.