Ўзбекистон банклари автокредит тақдим этмаяпти

Қўшилди: 21 июл 2017 14:40
Кўрилди: 344
Комментарии: 0
Ўзбекистон банклари автокредит тақдим этмаяпти
Маълумки, яқин вақтлардан бери Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиб олишнинг қулай имкониятлари пайдо бўлганди. Миллий валютада, нақд ва нақдсиз тўлов, ва энг муҳими – кредитга.
Бироқ «Даракчи» таҳририятига автокредит хизматидан фойдалан олмаган муштарийдан мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатнинг тагини суриштириш мақсадида таҳририят мамлакатдаги барча банкларга қўнғироқ қилиб чиқди.
Тасдиқлаймиз: дарҳақиқат айни кунда бирорта ҳам молия муассаси томонидан кредитга автомобиль берилмаяпти.
Шундай қилиб, Ўзсаноатқурилишбанк, Ипак йўли, Ипотека, Ҳамкорбанк, Турон, Туркистон, Траст ва бошқа банкларда бу хизмат мавжуд, аммо уларнинг барчалари бир вақтда тариф ва фоизларни кўриб чиқиш мақсадида ушбу хизматни тақдим этишни вақтинча тўхтатишган.
Ушбу банк вакилларининг сўзларига кўра, автони кредитга олиш хизматининг тез орада имкони яна қайтади (бир ойгача муддат ичида). ТИФ Миллий банк, Савдогар банк, Халк банк, Қишлоқ қурилиш банкларида автокредитлар умуман берилмайди. Микрокредитбанкнинг оператори билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Энг ажабланарли томони, ҳатто “Асака банки”да ҳам ушбу хизматни кўрсатиш вақтинча тўхтатилган. Кредит бўлими мутахассисининг маълум қилишича, айни дамда банкда қайта молиялаш ва янги фоиз ставкаларни белгилаш жараёни кечмоқда. Тез орада хизмат яна тақдим этила бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқарувининг пул-кредит сиёсати чора-тадбирларининг иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини муҳокамасига бағишланган йиғилиши якуни бўйича жорий йилнинг 28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.