Истеъмолчилар қачон электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади?

Қўшилди: 20 июл 2017 18:00
Кўрилди: 328
Комментарии: 0
Истеъмолчилар қачон электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 10 июлдаги қарори билан Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзади Norma.
Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
  • шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда;
  • Бюро талабномалари ижро этилмаганда, шу жумладан унинг вакилларига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаганда;
  • электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ёки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишнинг бошқа ҳолатлари аниқланганда;
  • электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари қасддан бузилганда, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашилганда.
Авария ҳолатида истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан, Бюрони хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.
Истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзи мавжуд бўлган истеъмолчилар рўйхати энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан ҳар ойнинг ўн биринчи санасидан бошлаб ҳар куни шакллантирилади ҳамда ягона электрон идоралараро ахборот тизими орқали Бюрога тақдим этилади.
Бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарзлари мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган ва тақдим этилган рўйхатлари асосида истеъмолчиларни қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Бюро истеъмолчилар хабардор қилинган пайтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради.
Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда Бюронинг туманлар (шаҳарлар) электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳи (шўъбаси)нинг давлат назоратчиси уларни электр ва газ тармоқларидан дарҳол узиб қўйиш, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Бюронинг туманлар (шаҳарлар) электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳи (шўъбаси)нинг давлат назоратчиси томонидан истеъмолчи электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилганда тармоқдан узиб қўйиш ҳақида икки нусхада далолатнома расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.
Истеъмолчилар қуйидаги ҳолларда электр ва газ тармоқларига қайта уланади:
  • электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилганда;
  • истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзлар тўланганда;
  • қайта улаш учун белгиланган миқдордаги сумма тўланганда.
Электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи — жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, истеъмолчи — юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов ундирилади, ушбу маблағлар қайта улашни амалга оширган Бюро бўлинмаси ҳисоб рақамига ўтказилади.
Авария ҳолатида истеъмолчилар электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган бўлса ёки истеъмолчи унинг аризасига (талабига) биноан электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган бўлса, шунингдек электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларига уланган истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларига қайта улаш учун тўлов ундирилмайди.