«Кўк кит»: маълумотларни “яширган” Facebook, Ўзбекистонда «Қотиллар ўйини»

Қўшилди: 20 июл 2017 15:30
Кўрилди: 480
Комментарии: 0
«Кўк кит»: маълумотларни “яширган” Facebook, Ўзбекистонда «Қотиллар ўйини»
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати судьяси Алешандри Абраау Facebook терговга ўсмирларни ва ёшларни ўз жонига қасд қилишга даъват этишда гумон қилинаётган «Кўк кит» ўйини ташкилотчилари ҳақидаги ахборотни тақдим этишдан бош тортгани учун, ижтимоий тармоққа жарима тўлашни юклади, деб ёзади «ТАСС».
Globo телеканали маълумотларига кўра, жарима миқдори сўров Facebook раҳбариятига берилганидан буён кунлар ўтавергани сайин ошиб боради. Айни пайтда унинг миқдори аллақачон 2 миллион реалга етган (638 минг доллар).
«Кўк кит» ўйини ҳақидаги иш билан шуғулланувчи терговчи Фернанда Фернандес ҳуқуқ-тартибот органлари судга мурожаат қилиб, Facebook раҳбарияти талаб этилаётган ахборотни тақдим этмагунига қадар, ижтимоий тармоқни Бразилия ҳудудида блоклашни сўрашини истисно қилмаяпти.
Айни шу хабарлар фонида ўзбек киноижодкорлари «Кўк кит» ўйинининг аянчли оқибатларига бағишланган фильм устидаги ишларни якунлаётгани ҳақида MyDay маълум қилди.

«Қотиллар ўйини» деб номланган ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ишланаётган фильм жангари, мистика ҳамда триллер жанрларида суратга олинган. 
Фильмнинг жанг лавҳалари учун икки ойдан зиёд тайёргарлик кўрилди ва барча саҳналар табиий суратга олинган. Жанг саҳналарини қўл жанги бўйча мураббий Сарвар Сиддиқов саҳналаштирди. 
Фильмда бош ролларни Шавкат Комилов, Жамила Ғофурова, Алихан, Бегзод Тожиев, Севара Солиева, Муҳаммад Али Искандаров ва Феруза Собитова гавдалантирди.
Режиссёр Лазиз Ашуралиев, оператор Рустам Йўлдошев, ғоя муаллифи Шавкат Комилов. Фильмни суратга олиш ишлари якунланган бўлиб, унинг тақдимоти куз фаслида бўлиб ўтиши режалаштирилган.