«Ўзбектелеком» интернет тарифларининг пасайтирилиши фойдаланувчиларга нима учун сезиларли бўлмаётганига изоҳ берди

Қўшилди: 20 июл 2017 14:30
Кўрилди: 376
Комментарии: 0
«Ўзбектелеком» интернет тарифларининг пасайтирилиши фойдаланувчиларга нима учун сезиларли бўлмаётганига изоҳ берди
Ўзбекистон Республикасидаги йирик телекоммуникация оператори — «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Алоқа тарихи музейида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда «Ўзбектелеком» АЖ бош директори Шуҳрат Қодиров, куни кеча компаниянинг молиявий директори этиб тайинланган Толибжон Алимов, тижорат директори Евгений Вишневский иштирок этиб оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди.
Биринчи бўлиб барчани қизиқтирган — интернет провайдерларининг тарифлари нархини тушириш учун қандай амалий чоралар кўрилаётгани ҳақида савол берилди.

Ўтган йил давомида оператор ва провайдерлар учун ташқи интернет каналларининг тарифлари 12 маротаба арзонлаштирилди. Интенет тарифи нархлари сўнгги йиллардан бир неча баробарга арзонлашди. Бироқ провайдерларнинг ўзига яраша чиқимлари борлиги, ишчилар ойликларининг ўзгармаслиги ёки ортиши ҳисобига «Ўзбектелеком» тарифларни арзонлаштиргани билан фойдаланувчиларга бу у қадар сезиларли бўлмайди. Бироқ бир неча йиллар олдинга қарайдиган бўлсак, ҳозирги ва аввалги интернет нархларида катта фарқ бор. Ўзбекистон кейинчалик ташқи интернет каналидан қисман фойдаланиши мумкин, бу эса валютанинг мамлакатда сақланиб қолинишини таъминлайди. Масалан, хорижий давлатлар, Россия ёки Қозоғистонда интернет тезлиги анча юқори, чунки уларда локал интернет, ташқи интернет деган тушунча йўқ. Уларда фақат интернет бор. Билинг тизимининг яратилиши эса бозор учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам фойда бўлади.
Евгений Вишневский

Метрополитенга Wi-Fi ўрнатилиши ҳақидаги хабар бўйича берилган саволга, бош директорнинг шахсан ўзи жавоб қайтарди: «Ҳозирда бу масала муҳокама қилинмоқда. Ушбу йўналишда нималар қилиш лозимлиги, молиявий ва техник масалалар кўриб чиқилмоқда. Бунда кўпчиликнинг розилигини олиш керак бўлади. Агарда ушбу лойиҳа тасдиқланса биринчи бўлиб ОАВ вакилларига хабар берамиз», — деди Шуҳрат Қодиров.
«Ўзбектелеком» АКнинг асосий мақсади бутун Ўзбекистон ҳудудида, куннинг исталган вақтида аҳоли ва давлат тизимлари ҳамда идораларини энг замонавий, сифатли телекоммуникация хизматлари билан таъминлаш ҳисобланади.
Шунингдек, бош директор акциядорлик жамияти қошида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш академияси ташкил этилиб, у нафақат ички кадрлар билан, балки қўшни мамлакатларнинг кадрларини ҳам қайта тайёрлаш учун хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Компания алоқа операторлари тармоқларига тўғридан-тўғри халқаро чиқишларга эга ва чет эл операторларига трафик транзити бўйича халқаро операторлар ва компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, деярли исталган сиғимда халқаро рақамли каналларни ижарага беради.
Маълумот учун: «Ўзбектелеком» АЖ Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг «Телекоммуникациялар соҳасида бошқарувни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2000 йил 28 июнь ПФ-2647 сонли фармонига мувофиқ ва Ўзбекистон Рспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 30 июндаги 253-сонли «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил қилиш масалалари тўғрисида»ги Қарори билан очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган. Компанияда 15 035 нафар ходим ишлайди, уларнинг 4333 нафари олий маълумотли, 7140 нафари ўрта-махсус, 3562 нафари ўрта маълумотлилардир.