Ҳаётий воқеа: юқумли одат

Қўшилди: 20 июл 2017 17:00
Кўрилди: 300
Комментарии: 0
Ҳаётий воқеа: юқумли одат
Нормурод ҳам кўп қатори ичиб туради. Лекин кишини хурсанд қиладигани, у баъзиларга ўхшаб “ўчиб” қолмайди. Давраларда ўтириб қолса, шерикларини бирма-бир йиқитиб, ҳеч нарса кўрмагандай туриб кетаверади. Шунга яраша эл-улуснинг орасида ҳурмати баланд. Баъзи хотинлар маст бўлавериб безор қилиб юборган эрини “Нормуродга ўхшаб ичсангиз ўласизми?” дея қарғашади.
Бунинг устига, Нормурод жуда меҳмондўст. Бот-бот улфатларини уйига чорлаб, зиёфат беришни яхши кўради. Ўзи камбағалгина йигит, лекин ҳиммати унча-мунча бойларникидан зиёд. Бир марта тузини тотган одам анча вақтгача уни оғзидан бол томиб мақтаб юради.
Яқинда Нормуродникига узоқроқда яшайдиган жияни Мирзабой меҳмон бўлиб келди. Бундан унинг боши осмонга етди. Тоға-жиян анчадан бери кўришмагани учун бир-бирини соғиниб қолган экан. Кечқурун тўкин дастурхон устида роса ҳангома қилишди. Бирин-кетин бўшаётган шишалар икковининг ҳам қулфи-дилини очиб юборди. Лекин кўп ўтмай Мирзабойнинг кўзлари сузилиб, ўтирган жойида чайқала бошлади. Гап-сўзларидан ҳам маза қочди. Нормуроднинг икки йилча ўсал ётиб, бултур қазо қилган онасини эслаб кўзига ёш олди.
—Битта-ю битта момомнинг қадрига етмадим, тоға! – деди у кўксига муштлаб. – Уни ҳали-бери ўлади деб ўйламабман. Билганимда кунда-кунора келиб аҳволидан хабар олмасмидим... Моможоним-ов!
—Нега увиллайсан? Ёки бирон жойинг оғрияптими? – деб сўради ундан.
Аслида маст бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Баъзилар тўйиб ичса, кўнгли юмшаб, анча одамшаванда бўлиб қолишади. Мирзабой ҳам раҳматли момоси касал ётганида бирон марта қорасини кўрсатмаган эди. Ичкиликнинг шарофати билан ана шу хатосини тан олиб, чин дилдан надомат чекиб ўтирибди.
Лекин шакарнинг ҳам ози яхши дейишган. Қўйиб берса, Мирзабойнинг марҳум кампирга атаб марсия айтадиган шашти бор. Нормурод уни тўшакка ётқизди-да, гўдакка алла айтгандай бир амаллаб ухлатди.
Нормуроднинг озгина иримкашлиги ҳам бор. У очилган шишадаги ароқ охиригача ичилмаса, рўзғордан барака кўтарилади деган гапга ишонади. Шунинг учун яримлаб қолган зормандани бўшатиб қўйишга қарор қилди.
Хуллас, айвонда ёлғиз ўзи базм қуриб ўтирган эди. Кутилмаганда меҳмонхонадан аллақандай увиллаган овоз эшитилгандай бўлди. У аввалига қўшнимизнинг кучуги улиётган бўлса керак деган хаёлда бунга унчалик эътибор бермади. Аммо ваҳимали овоз тобора забтига олиб, бир чеккада ухлаб ётган хотини ҳам уйғониб кетди.
— Ичкарида бўри увиллаяптими?
Меҳмонхонада жияни ётгани эсига тушиб, Нормуроднинг капалаги учиб кетди. Хонтахтанинг тагида юмалаб ётган бўш шишани қўлига олиб ўшаёққа югурди. Эшикни шарақлатиб очиб, меҳмонхонанинг чироғини ёқди. Хайрият, уйда бўри йўқ экан... Унда ваҳимали овоз қаердан келаётган экан, дейсизми? Гап шундаки, қават-қават кўрпачада ялпайиб ухлаб ётган Мирзабой уйқусида осмонга қараб ув тортаётган экан.
Одам боласи чин дилдан увилласа, бўри-ю шоқоллар ҳам уятдан ер чизиб қоларкан. Мирзабой ҳам бу ишнинг жуда ҳадисини олган шекили, чўзиб-чўзиб, оҳангдор нола қиляпти. Баъзан нафас олмасдан бирига иккинчисини улаб юборади. Овозида чексиз ғам-ғусса, ҳасрат бор. Эшитган одамнинг кўнгли бузилиб, кўзига ёш келади.
Нормурод хотинининг олдида жуда изза бўлди. Жиянини турткилаб-силталаб бир амаллаб уйғотди.
Кайфи тарқаб улгурмаган Мирзабой жавоб ўрнига қонталаш кўзларини хунук олайтириб қўйиб, яна ўзини тўшакка ташлади. Нормурод бир текис ётса овози ўчар деган умидда унинг бошидан ёстиқни олиб қўйди. Лекин хаял ўтмай жияни ёқимсиз хонишини қолган жойидан давом эттирди. Унинг дастидан Нормурод эрталабгача мижжа қоқмай чиқди.
Мирзабой чошгоҳга яқин ҳеч нарса бўлмагандай бардам-хушчақчақ бўлиб уйғонди. Афтидан, оқшом увиллаганида ичидаги ғуборлари ювилиб кетган бўлса керак. Лекин Нормуроднинг аҳволи мақтагулик эмас эди. Уйқусизликдан улкан калласи баттар оғирлашиб, қовоқлари дўмбирадай шишиб кетган. Қулоқларининг тагида қовоғарининг ғўнғиллашига ўхшаган овоз эшитилади. Наҳорда бир-икки пиёла ичсам ўзимга келарман деб умид қилган эди. Лекин бу тадбир ҳам кор қилмади. Мирзабойнинг эса баттар қулфи-дили очилиб кетди. У анча вақт бир нималарни валдираб ўтирди, бироқ Нормуроднинг калласига ҳеч нарса киргани йўқ.
Ниҳоят Мирзабой тоғасининг дастурхони энигаям-бўйигаям кенгайишини тилаб дуо қилиб, ўрнидан турди.
— Бир-биримиздан узоқлашиб кетмайлик, тоға, — деди у кета туриб. – Вақт топиб сиз ҳам бизникига ётадиган бўлиб боринг. Мириқиб гурунглашамиз.
— Насиб... – дея ғулдиради Нормурод ён томонга қийшая бошлаган калласини қўли билан тўғрилаб қўйиб. Мирзабой у билан қуюқ хайрлашиб, уйига жўнади.
Нормурод кун бўйи жиянининг аҳволидан қайғуриб юрди.
— Одам ҳаддини билиб ичмаса қийин-да, - деди у кечқурун хотинига афсус билан. – Шўртумшуқ бу кетишда адойи тамом бўлади. Бугунча меҳмон деб иззатини қилдим. Бирон кун уйига бориб, яхшилаб насиҳат қилиб келмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Жондай жияним, ичим ачийди-да.
Кўп ўтмай Нормурод тоғалик бурчини адо этиш учун жияниникига йўл олди. Шу кетганича эртаси куни шомга яқин чайқала-чайқала уйига кириб келди. Тоға-жияннинг тупроғи бир жойдан олинган, дейишади. Мирзабойникида ҳам меҳмондорчилик қуюқ бўлгани кўриниб турарди.
— Жиянни роса тузладим, - деди у хотинига мақтаниб. – Бизникида қилган бемазагарчилигини... рўй-рост бетига айтдим. Одам деган бўрига ўхшаб улиса, ҳайвондан нима фарқи қолади... дедим. Оғзимга келганини қайтармадим. Насиҳатим таъсир қилди каллаварамга! Шўрқиллаб йиғлаб қўяверди... “Келининингиз ҳам шу одатимни юзимга солавериб безор қилди. Тавба қилдим, тоғажон, эртадан бошлаб ичишни камайтираман” деб сўз берди... Ишқилиб, борганим яхши бўлди, хотин...
— Ҳа, қойиллатибсиз, — уни маъюс кузатиб ўтирган хотини маъноли бош чайқаб қўйди.
Нормурод жиянига панд-насиҳат қилавериб чарчаган шекилли, бир пиёла чой ичишга ҳам ҳоли келмай ухлаб қолди. Хотини одатдагидай рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб кечроқ ётди. Лекин у кўзи илинар-илинмас шундоққина ёнида эшитилаётган аллақандай қўрқинчли овоздан чўчиб уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, қаватида чалқанча ухлаб ётган эри дўрдоқ лабларини чўччайтирганча бўри бўлиб увларди...
Хуллас, бояқиш Нормурод савоб иш қиламан деб кутилмаганда шундай иллатга дучор бўлиб ўтирибди. У жуда ориятли йигит. Кунда-кунора увиллаб, уйдагиларнинг ҳам, қўшниларнинг ҳам тинчини бузаётганидан доим кўнгли хижил бўлиб юради. Ўзини дами ўткир домлага ўқитди, қўшноч кампирга аласлатди, лекин фойдасини сезмади. Яқинда азза-базза шаҳарга бориб, катта дўхтирларга ҳам кўриниб келди. “Ҳозирча бу касалликнинг давоси топилгани йўқ, — дейишибди улар. – Бирон янгилик бўлса, ўзимиз хабар берамиз. Унгача сиз бемалол увиллайверинг, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ”. Шундан бери Нормурод умид билан дўхтирларнинг хабарини кутиб юрибди.

Ғафур Шермуҳаммад

Манба: Darakchi.uz