GM Uzbekistan Мустақилликнинг 26 йиллигига янги автомобиль тақдим этиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

Қўшилди: 20 июл 2017 15:00
Кўрилди: 455
Комментарии: 0
GM Uzbekistan Мустақилликнинг 26 йиллигига янги автомобиль тақдим этиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди
“GM Uzbekistan” АЖ Мустақиллигимизнинг 26-йиллигига янги моделдаги автомобилни чиқариши ҳақида айрим ОАВларда тарқалган хабарларга раддия берди.
“GM Uzbekistan” АЖ айрим ОАВларда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26-йиллигига янги моделдаги автомобиль чиқарилиши ҳақидаги хабарларнинг асоссиз ва нотўғри ахборот эканлигини расман маълум қилди.
Журналистлар учун Асакадаги заводга ташкил этилган пресс-тур доирасида компания раҳбарияти модель қаторини янгилаш мақсадида янги моделлар ўзлаштирилиши ҳақида маълум қилган.
Бундай лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари маркетинг ўрганишлардан кейин, техник ва иқтисодий таҳлиллар ва бошқа параметрлар тегишли тартибда келишувларидан кейин аниқ бўлади.
Қайта маълум қиламиз, компаниямиз ОАВ билан мулоқотга доим тайёр, шу билан бирга журналистлардан касб меъёрларига, журналистика этикасига амал қилишларини, расмий ва объектив хабар тақдим этишларини сўраймиз. Шу тарздагина соҳамизга оид жараёнларни ёритишда нотўғри хабар тарқалишининг олдини олиш мумкин.
Ҳар қандай саволлар юзага келганда қўшимча маълумотлар олиш учун тўғридан-тўғри мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз.”
Компаниядан сайтимизга берилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги журналисти ўзининг компания фаолиятига бағишланган мақоласида GM Uzbekistan томонидан Истиқлолимизнинг 26-йиллиги санасига янги моделдаги автомобиль тақдим этиши ҳақида интервью чоп этган. Компания ходимлари ушбу хабарни бекор қилишга улгурмай, ушбу маълумот бошқа ОАВларга ҳам тарқалишга улгурган.