Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари ташаббуси билан янги лойиҳа иш бошлайди

Қўшилди: 18 июл 2017 19:00
Кўрилди: 335
Комментарии: 0
Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари ташаббуси билан янги лойиҳа иш бошлайди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг иш бошлаганига кўп бўлмаган ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев ташаббуси билан янги лойиҳа старт олмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа ҳақида батафсил Алишер Саъдуллаевнинг ўзи Фейсбукда ташкил этилган саҳифасида шундай деб ёзади:
"Тез кунда: Сизнинг ғоянгиз майдони! Муҳтарам Президентимиз эътироф этганларидек, яқиндагина ташкил этилган «Халқаро Пресс-Клуб» шаффофлик ва мулоқот ўрнатиш орқали давлатимиз ривожланишига улкан ҳисса қўшмоқда. Ушбу клуб фаолиятидан илҳомланиб, менинг ташаббусим билан Халқ таълими вазирлиги томонидан Ёшлар Иттифоқи ҳамда «Ёшлар» телеканали билан ҳамкорликда янги лойиҳа иш бошлайди. Лойиҳа Ўзбекистон илм-фан, спорт, санъат ва маданиятига оид энг илғор ғояларни оммавий узатиш ва тинглашга имкон яратиб берувчи платформа бўлиб хизмат қилади. Оддий деҳқондан тортиб вазиргача бўлган хоҳловчилар «Ёшлар» телеканалида тақдимот қилишлари орқали ўзининг ибратли ғоялари, тажрибаси ва ҳикояларини омма билан баҳам кўра олади. Мисоллар: пойабзал ишлаб чиқарувчисининг бизнес фаолияти; ўқитувчи ўзи ишлаб чиққан, русийзабонларга ўзбек тилини ўрганишлари бўйича қўлланмасининг тақдимоти; шаҳар ҳокимининг ўз фаолияти давомида дуч келган ибратли, барчани ларзага соладиган ҳикояси; илмий ходимнинг ихтироси; ўлим билан олишиб тирик қолган беморнинг ташаккури; талабанинг «Start up» ғояси; ўт ўчирувчисининг оиласи ва ҳаёти; доимо кулиб юрадиган боғбон маслаҳатлари; журналистнинг жасорат ҳикояси; Ўзбекистонда экстремал спорт ва бошқалар. Лойиҳанинг мақсадлари фикрлар ва ғояларни бир жойга жамлаб, овоза қилиш, уларнинг базасини яратиш, ижтимоий бирдамлик ҳамда фаолликни кучайтириш, ҳамфикр инсонларни бир-бирларини топиб, алоқа ўрнатишларида ёрдам бериш ва бу орқали ғоя эгаларини, айниқса ёшларни руҳлантириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Лойиҳанинг халқаро муқобили – ТEД (www.ted.com) платформасидан фарқи шундаки, унинг асосий фаолияти интернет эмас, балки телевидение канали орқали олиб борилади ва бу билан кенг омма қамрови таъминланади."

Айни дамда вазир ўринбосари ўз жамоаси билан лойиҳанинг тартиби, низоми ҳамда иштирокчилар/тақдимотчилар учун стандард кўрсатмаларни ишлаб чиқмоқда.