Президент ташрифи арафасида Юнусободда арзон сотилган гўшт муҳокамаларга сабаб бўлди

Қўшилди: 16 июл 21:00
Кўрилди: 59
Комментарии: 0
Президент ташрифи арафасида Юнусободда арзон сотилган гўшт муҳокамаларга сабаб бўлди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июль, шанба куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига ташриф буюрди. Туманда бу ташрифга сўнгги тайёргарлик ишлари бир неча кун аввал бошланган эди. “Дарё” нашрининг ёзишича, Юнусобод деҳқон бозоридаги гўшт нархининг бирдан арзонлашиши ҳам тайёргарликнинг бир қисми бўлди.
Юнусобод деҳқон бозорида бир килограмм мол гўшти 21 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганига бир неча кун бўлди. 15 июль куни эса ижтимоий тармоқларда гўштга навбатда турган одамларнинг суратлари эълон қилинди. Фойдаланувчиларнинг бир гуруҳи мазкур вазиятдан фойдаланиб қолиш зарурлиги ҳақида гапираётган бўлса, бошқалар фикрлашга чорламоқда.
“Тошкентнинг ҳеч бир жойида ҳозир 21 минг сўмдан гўшт топиб бўлмайди. Шаҳарда бир килограмм мол гўштининг стандарт нархи, суякли бўлса — 35 минг сўмдан, суяксиз лаҳми эса 38—40 минг сўмдан кам эмас. Йирик супермаркет тармоқларида гўшт 45—47 мингдан сотилмоқда. Лекин Президентнинг ташрифи арафасида Юнусобод бозорида гўшт 21 минг сўм қилиб қўйилди…
Нега бозорларимизда ҳанузгача тартиб йўқ? Қачонгача бу ҳол давом этади? Қачонгача бир-биримизни алдаб юрамиз? Қачонгача фақат катта рейдлар бўлганида вақтдан фойдаланиб, икки-уч соат навбатда туриб (шунда ҳам, улгурсак), бозор қилишимиз керак?”,—дейди Facebook’даги «Maslahat.uz» гуруҳи фойдаланувчиси
Баъзи фойдаланувчилар мазкур вазиятда қассобларни айблаган. Бироқ бошқалар қассоблар ўз зарарига гўшт сотмаслигини уқтиришга уринган. «Бу ерда гап қассобларда эмас, гўштни 21 минг сўмдан сотишга қассобларни мажбур қилган одамларда. Ўша одамлар гўшт нархини ўзгартириб, келиб-келиб Президентимизни алдамоқчи бўляпти», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
«Наҳотки шу кўзбўямачиликлардан Шавкат Мирзиёевнинг хабари бўлмаса? Бу биринчи ҳолат эмас. Бирор каттакон келадиган бўлиб қолса, ўша жой дарҳол обод ва арзончилик бўлиб қолади», — деб ёзади бошқа бир фойдаланувчи.
Айни вақтда, гўшт нархининг 40 минггача кўтарилиб кетиши емнинг қимматлиги билан боғлиқлигини таъкидлаганлар ҳам бор. «Гўшт нархини тушириш осондек гапирасизлар. Бунинг учун ем нархини тушириш керак. Бир маҳсулот қиймати бошқа таркибий маҳсулотлар баҳосига боғлиқ», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
«Қассоб молни қимматга олганидан кейин, гўштни ҳам қиммат сотади-да. Мажбурлаб тенг ярим баҳосида соттиришса, қассоб: ‘Ош бўлсин!’, деб сотганига шубҳам бор», — деган бошқа фойдаланувчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси мамлакатда гўшт нархининг ошиши икки омилга боғлиқлигини, омиллардан бири ем нархининг ошиши эканини маълум қилган эди.