“Нега 12 йиллик хато тузатилмай такрор босиляпти?”: Менда фикр бор

Қўшилди: 15 июл 14:30
Кўрилди: 203
Комментарии: 0
“Нега 12 йиллик хато тузатилмай такрор босиляпти?”: Менда фикр бор
“Даракчи” газетасининг 08.06.2017 йилдаги 23-сонида эълон қилинган “Нега 12 йиллик хато тузатилмай такрор босиляпти?” мақоласида кўтарилган муаммолар ва фикрлар барча она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг дилидаги гаплардир.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирда мавжуд она тили дарсликларининг барчаси «грамматика грамматика учун» қолипидан бутунлай халос бўлгани йўқ. Аксинча, ҳар бир дарслик қоидабозликка айланиб кетганки, худди мактаб ёки лицей ва коллежни тугатадиган ҳар бир ўқувчи тилшунос бўлиши керакдек. Буни қарангки, грамматик қонун-қоидалар кўпайгани сари ўқувчиларимизнинг ҳам оғзаки, ҳам ёзма нутқи пасайиб бораяпти.
Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълими стандарти ва ўқув дастурида ҳам она тили таълимининг бош мақсади – оғзаки ва ёзма нутқ кўникмасини, тўғри ва ифодали фикрлаш малакасини таркиб топтиришдан, анъанадаги «грамматика грамматика учун» қолипидан воз кечиб, она тили таълимида «грамматика – фикрнинг аниқ ва лўнда ифодаси учун» шиорини асос қилиб олмоғимиз кераклиги таъкидлаб ўтилган.
Демак, она тилини ўқитишдан мақсад таълим олувчиларда мустақил ижодий тафаккур қобилиятини ривожлантириш, ижодий фикр маҳсулини нутқ шароитида мос равишда тўғри ва равон баён қилиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат экан, энг аввало, она тили фанини ўқитишда яхши натижага эришиш учун она тили дарсликларини соддалаштириш, ўқувчилар тўлиқ ўзлаштиришлари учун тил қоидаларини енгиллаштириш, грамматикани жуда чуқурлаштириб юбормасдан, аксинча, тушунарли ва содда кўринишга келтириш лозим.
Масалан, 8-синф она тили дарслигида берилган содда гаплар мавзусида содда гап ва қўшма гап жуфтликлари учун келтирилган мисолларда мавҳумлик бор. Чунки бу мисоллар 9-синф дарслигида бутунлай бошкача талқин килинган. 5-синф она тили дарслигида урғу ҳақидаги маълумот етарли эмас, чунки урғу олмайдиган қўшимчалар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
6-синф она тили дарслигида қўшимчалар таснифи мавзусида эгалик, келишик ва шахс-сон қўшимчалари (синтактик шакл ясовчилар) отнинг муносабат шакллари дейилади деб айтиб ўтилган. Феьл мавзусига келиб феьлларнинг (муносабат шакллари) замон, майл, шахс-сон қўшимчалари муносабат шакллари деб борилган. Лекин замон ва майл қўшимчалари синтактик шакл ясовчими ёки луғавий шакл ясовчими, бу эса аниқлаштирилмаган.
Лицей дарслигида иккинчи даражали бўлаклар мавзусида ҳам тўлдирувчини мустақил ва номустақил тўлдирувчига ҳамда ҳолни мустақил ва номустақил ҳолга ажратилиши ўқувчига ортиқчалик қилади. Қўшма гапларнинг ҳам хавола бўлакли қўшма гап, нисбий сўзлар билан боғланган қўшма гап, қисмлари уюшган қўшма гап каби турларга бўлиб мураккаблаштирилиб юборилган. Эргашган қўшма гапларда ҳам худди шу муаммо.
Мавзулар қанча соддалаштирилса, илмни ўқувчига етказиш ҳам, ўқувчининг англаши ҳам шунча осонлашади.
Эгаси иштирок этмаган гаплар, шахси номаълум гаплар ва бу гаплар ҳақидаги тушунчаларда ҳам, маълумотларда ҳам тўлиқлик йўқ, аксинча, мавҳумлик ва тушунарсизлик бор.
Ёрдамчи сўзлар мавзусида ҳам –дек, -дай, -дайин қўшимчалари кўмакчими, ёки юклама эканлиги, ёки ўхшатиш қўшимчаси бўлса, қўшимчанинг қайси турига кириши аниқ айтилмаган.
Тилимиздаги қайси сўзлар тарихан ясама сўз-у, ҳозирда туб сўзга қайсилари, ясама сўзга қайсилари кириши ҳақида ҳам аниқлик йўқ.
Диктантлар тўпламини ҳам қайта кўриб чиқиш ва матнларни синф дарсликларига мослаштириш лозим.

М.АБДУЖАББОРОВА, Қарши шаҳридаги 41-ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фанининг олий тоифали ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси