Коллеж битирувчиси ва бандлик

Қўшилди: 15 июл 15:00
Кўрилди: 48
Комментарии: 0
Коллеж битирувчиси ва бандлик
Бугун юртимиз касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ихтисоси буйича иш билан таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Маълумотларга кўра, республикамиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил қилади. Демак, бугун уларни иш билан таъминлаш масаласи тараққиётимизнинг янги босқичида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда кадрлар тайёрлашнинг муҳим бўғини — ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўзининг ноёб ва самарадорлиги билан муҳим ўрин тутади. Вояга етаётган ҳар бир йигит-қиз муайян касб-ҳунарга эга бўлишига эришиш, меҳнат бозори талаби асосида энг муносиб мутахассислар тайёрлаш — ушбу тизимнинг асосий вазифаларидан.
Тўғри, бу борада эътиборга молик ишлар оз эмас. Жойларда меҳнат бозорида иш топишга қийналган ёшлар бандлигини таъминлашнинг тизимли мониторинги мунтазам юритилмоқда. Бундан ташқари меҳнат бозорига эндигина кириб келаётган ёшларни иш билан таъминлашда меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этяпти. Иш таклиф этаётган корхона-ташкилот, унда яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар ҳақида олдиндан батафсил маълумотга эга бўлган, ўз мутахассислиги ва эгаллаган касб-ҳунарига энг муносибини танлаганлар ҳар томонлама ютади.
Коллежни тамомлаб чиқаётган ўқувчининг шахс сифатида шаклланиши, фикрлаш доираси кенгайиши, етук мутахассис бўлиб жамиятда ўз ўрнини топиши ҳамма учун бирдек муҳим. Зеро бу ишга, "қандай қилиб бўлса ҳам ёки номига ўқувчини иш билан таъминлаш лозим" деб қарамаслик керак. Баъзан айрим ота-оналарнинг эътиборсизлиги, фарзандларини касб-ҳунар ўрганишга тўғри йўналтирмаганлари натижасида ҳам муаммолар келиб чиқаётганини ҳам тан олиш керак. Касб-ҳунарсиз, бекор қолган ёш йигит ёки қиз руҳиятида ўзгариш содир бўлади. Нима қилиб бўлса ҳам пул топиш илинжида нотўғри йўлларга кириб кетиши мумкин. Ахир ёшлар юрт келажаги экан, бу ҳақда - энг аввало, ота-она қайғуриб, олдиларидаги масъулиятини янада тўла ҳис этсалар яхши бўларди. Педагог, мураббийлар эса тарбия ва касб-ҳунар ўргатишнинг иккиламчи, аммо ўта муҳим бўғинидир.
Ҳар йили юртимиздаги касб-ҳунар коллежларини минглаб ўқувчи битирар экан, улардан бир қисми ўқишни давом эттириш учун олий ўқув юртларига ҳужжат топширишса, қолганлари меҳнат фаолиятларини бошлашлари керак. Бекорчилик, назоратсиз қолиш, билимсизлик эса ҳар қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўсиб-улғайиб келаётган ёшларнинг ўқишидан тортиб, ишли, уйли-жойли бўлишигача ўзини масъул ҳис қиладиган тизимлардан бири — маҳалла ҳисобланади. Шу маънода, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашда ушбу институтнинг ҳам ўзига яраша ўрни бор.
Фуқаролар йиғинлари томонидан ҳам ҳамкор ташкилотлар билан бирга кўплаб ёшлар тадбиркорларга, ҳунармандларга «устоз-шогирд» анъанаси асосида бириктирилмоқда. Маҳаллалар қошида ташкил этилган тикиш-бичиш ва бошқа тўгаракларда ҳам ёш ўғил-қизлар касб-ҳунар сир-асрорларини ўрганиб, билимини мустаҳкамламоқда.
«Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда қўл келмоқда.
Шунингдек, ёшларимиз ўз ишини очиши учун йирик сармоя эгаси бўлиши ҳам шарт эмас. Чунки бугун ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганлар учун солиқ, кредит ва бошқа соҳаларда қатор имтиёз, кафолатлар яратилган. Касб-ҳунар коллежи битирувчиси бизнес-режа асосида исталган банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини бемалол йўлга қўйиши мумкин.
Албатта, бугун мутасаддилардан тортиб, маҳаллий ҳокимликлар масъулларигача ёшларимизнинг тақдирини, эртасини ўйлаб қилинаётган бу ишларда баҳоли қудрат иштирок этмоқда. Лекин ҳамма жойда ҳам бу масалага бирдек эътибор қаратилмаётгани афсусланарли ҳолдир.
Аслида, меҳнат бозори талабига жавоб беришга қодир кадрларни тайёрлашга ўн йиллаб вақт зарур бўлади. Уларнинг малака, касб-ҳунар эгаллаши ҳам бир-икки йилда ҳал этиладиган масала эмас. Мамлакатимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим тизимининг йўлга қўйилганидан мақсад ҳам бу жараённи янада қисқартириш, жамият тараққиётига ҳамоҳанг равишда зарур мутахассис-кадрларни етиштириб бериш экани кундай равшан.

Ҳикмат САФАРОВ,
ТАТУ Қарши филиали бўлим бошлиғи