Боланинг “бало”си – катталар хатоси

Қўшилди: 15 июл 14:00
Кўрилди: 41
Комментарии: 0
Боланинг “бало”си – катталар хатоси
Фарзанд – бебаҳо неъмат, оиланинг ширин меваси, гултожи. Шундай экан, ёш авлодни одамийлик, меҳр-муҳаббат, оқибат, ўз Ватанига садоқатли бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида улғайтириш биринчи навбатда оила зиммасига тушади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда дунё аҳолисининг 2 млрд. 170 минг нафарини болалар ташкил қилса, юртимиз умумий аҳолисининг қарийб 40 фоизини 18 ёшга етмаган шахслар ташкил қилади.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо давлатимизнинг бирламчи вазифаларидан бири бўлиб, Ўзбекистонда мазкур соҳага оид қонунчилик базаси мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Албатта, ҳар қандай қонуннинг кучи унинг ижроси ҳамда ишлаш механизмининг самарадорлигига боғлиқдир.
БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ
“Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция”нинг 1-моддасида, 18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон, агар болага нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича у эртароқ балоғатга етмаган бўлса, бола ҳисобланади, дейилади. 6-моддасида эса, ҳар бир бола яшаш учун ажралмас ҳуқуқга эга ҳамда боланинг омон яшаши ва соғлом ривожланиши учун мумкин қадар юқори даражада имконият яратиб берилиши керак, деб қайд этилган.
Мамлакатимизда юздан ортиқ миллатлар яшайди. Уларнинг ирқи, ранги, жинси, тили, эътиқодидан қатъи назар, болалари ҳам барча ўзбеклар қатори инсон ҳуқуқларига эга бўлиб, ижтимоий ҳимоя қилинадилар. Ўзбекистон болалари бахтли, соғлом, билимли бўлиб камол топишмоқда. Шу ўринда, дунёнинг барча мамлакатларида ҳам болалар бундай бахт-саодатга сазовор эмаслигини ҳам эътибордан соқит қилмаслик зарур. Диёримиз болаларига кўпчилик ҳавас ва орзу билан яшайдилар.
18 ЁШГАЧА МАЪНАВИЙ ҚИЁФА ШАКЛЛАНАДИ
Соғлом боланинг туғилиши биринчи навбатда, онанинг соғлиғига боғлиқ. Оилада соғлом муҳитни яратиш, уларнинг иқтисодий, маънавий асосларини мустаҳкамлаш жамиятнинг мустаҳкамлиги билан боғлиқ. Маълумки, 18 ёшгача бўлган даврда инсоннинг онги, ахлоқи, маънавий қиёфаси шаклланади.
Криминологларнинг тадқиқотларига кўра, ўсмирлар ва ёшлар ҳуқуқбузарлигига ҳамда уларнинг жабрланувчи бўлиб қолишларига 200 га яқин омил таъсир қилади. Буларнинг энг асосийси, бола яшаётган оиланинг таъсиридир. Демак, бугун жамият манфаатлари нуқтаи назардан фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари оилалар билан ишлаш бўйича махсус иш режалари ишлаб чиқиши ва амалга оширишлари лозим.
ШУНЧАКИ ШЎХЛИК ДЕБ ҚАРАМАНГ...
Тўғри, бу борада муайян ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ айрим таълим муассасалари, маҳаллалар ҳамкорлигидаги тарғибот ишларининг талаб даражасида олиб борилмаётганлиги оқибатида лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларига дарсга келмаётган, турли жиноятларни содир этаётган ёшлар учраб турибди. Кузатишларга кўра, атрофдагилар кўпинча уларнинг жиноятларини ёши билан боғлиқ бўлган шўхлик деб ҳисоблайдилар ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бермайдилар.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида айрим ўқувчилар таълимга тўлиқ жалб этилмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги оқибатида вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилган ва баъзилари ўз ўқиш жойларини ташлаб, чет давлатларга ишлаш учун кетишган ҳолатлари ҳам учрамоқда. Узрли сабабларсиз дарсларга бормай юрган ўқувчиларни ўз ўқиш жойларига қайтариш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотлар таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Ўқувчи”, “Давомат”, “Ўсмир” ва “Тун” тадбирларини ўтказиб келмоқда. Ўтказилган шундай тадбирлар давомида назоратсиз юрган вояга етмаган ёшлар аниқланиб, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари иштирокида профилактик суҳбатлар олиб борилаяпти. Шунингдек, бу ўқувчиларнинг дарсларга келишига ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарликка доир ишлар қўзғатилди.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Ҳар қайси давлат, халқ униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради. Ҳозир бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз ана шундай комил инсонларни тарбиялашга йўналтирилган. Ҳар бир фарзанд халқимизнинг эртанги ҳаётига дахлдор шахсдир. Уларнинг нафақат моддий эҳтиёжларини қаноатлантиришимиз, шу билан бирга ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишимиз, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга кўмаклашишимиз ҳамда доимий тарзда тарғибот тадбирларини олиб боришимиз давр талабидир.

Ҳикмат САФАРОВ,
ТАТУ Қарши филиали бўлим бошлиғи