Глобал исиш туфайли самолётларнинг учдан бир қисми парвоз қила олмаслиги мумкин

Қўшилди: 14 июл 20:00
Кўрилди: 281
Комментарии: 0
Глобал исиш туфайли самолётларнинг учдан бир қисми парвоз қила олмаслиги мумкин
Глобал исиш келажакда фуқаролик самолётларининг учдан бир қисми парвозига тўсқинлик қилиши мумкин. Олимлар акс ҳолда ёқилғини тўкиш ёки йўловчиларни туширишга тўғри келиши ҳақида огоҳлантиради. Дунё авиациясининг глобал исишни тезлаштиришга қўшган улуши бир неча марта тадқиқотлар ва ҳисоб-китоблар мавзусига айланган. Колумбия университетининг (АҚШ) Этан Коффел бошчилигидаги олимлар гуруҳи ҳавонинг исиши келажакда самолётлар парвози ва аэродромлардан учишига қандай таъсир қилиши мумкинлигини аниқлашга қарор қилди, деб ёзади «Газета.ru».
Ўртача ҳароратнинг дунёвий кўламда ўсиши самолётлар парвозига тўғридан тўғри таъсир кўрсатиши ва иссиқ кунларда рейсларнинг учдан бир қисми бекор қилинишига олиб келиши мумкинлиги аниқланди.
Акс ҳолда самолётлардан ёқилғини тўкиш ёки багаж ё йўловчиларни туширишга тўғри келади.
«Тадқиқотимиз натижалари шуни кўрсатадики, вазн бўйича чекловлар авиакомпаниялар учун кутилмаган чиқим бўлиши ва бутун дунё бўйича авиация ташуви учун зарба бериши мумкин», — деб ҳисоблайди Коффел.
Ҳамма гап самолёт учиш давомида кўтарилиш кучига эришувчи ҳавода. Ҳаво исий туриб, кенгаяди. Уни зичлиги эса камаяди. Сийраклашган ҳавода қанотлар камроқ кўтарилиш кучини ҳосил қилади. Шунинг учун учиш йўлаги узунлиги ва самолёт модели ҳисобга олинадиган маълум бир вазиятларда тўла самолётлар учиш йўлагидан кўтарила олмайди. Уларни бўшатиш ёки парвоздан воз кечишга тўғри келади.
Иқлим кузатишларига кўра, 1980 йилдан буён сайёрадаги ўртача ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича, тахминан, 1 даражага кўтарилган. Қанчалик ғаройиб туюлмасин, ҳаво ҳароратининг ошиши ҳақиқатан ҳам самолётларнинг ҳавога кўтарилиш қобилиятига таъсир кўрсатади. Мисол учун, ўтган ой давомида Феникс аэропортида (АҚШ, Аризона штати) American Airlines авиакомпаниясининг 40 дан ортиқ рейси бекор қилинган.
Бунга у ердаги юқори ҳаво ҳарорати (48 даража) сабаб бўлган.
Бу каби жазирамада кўплаб регионал самолётлар аэропортдан учиб кета олмаган. Иқлимшуносларнинг башоратларига кўра, 2100 йилга келиб Ердаги атмосфера ўртача ҳарорати яна 3 даражага ошиши мумкин. Бироқ бу кутилаётган муаммоларнинг бор-йўғи бир қисмидир.
Олимлар глобал исиш оқибатида об-ҳавонинг экстремал ҳодисалари, жумладан 2010 йилнинг ёзида Москвада кузатиш мумкин бўлган иссиқлик тўлқинлари кўпроқ юз бериши мумкинлигини таъкидламоқда. 2080 йилга келиб дунё аэропортларидаги кундузги максимал ҳарорат 4—8 даражага кўтарилиши мумкин.
Мазкур иссиқлик тўлқинлари авиация учун асосий муаммога айланиши мумкин.
2015 йилда мазкур олимлар кичикроқ тадқиқот ўтказди. Улар тадқиқотда келажакда жазирама билан боғлиқ бекор қилинган рейслар Американинг Денвер, Феникс, Нью-Йоркнинг Ла-Гуардия ва Вашингтоннинг Роналд Рейган аэропортларида тўрт марта ошиши мумкинлигини маълум қилди.
Олимларнинг фикрича, глобал исиш ҳозир кузатилаётган суръатларда давом этса, самолётларнинг баъзи турларида иссиқ кунларда учиш вазнини 4 фоизгача камайтиришга тўғри келади.
Мисол учун, йўловчи сиғими 160 кишилик замонавий самолёт учун вазнни тўрт фоизга камайтириш рейсдан 12—13 кишини тушириб қолдиришга тенгдир.
Айнан шу сабаб туфайли кечиккан ва бекор қилинган рейслар бирмунча чиқимларга ҳам сабаб бўлиши таъкидланади.
Масалан, учиш йўлаги қисқа Ла-Гуардия аэропортидан парвоз қилаётган Boeing 737—800 самолётлари иссиқ кунларда ҳар иккинчи парвозда «енгиллашишга» мажбур бўлади. Аэропортлар учиш-қўниш йўлаги узун бўлса-да, иссиқ иқлимда жойлашган Дубай аэропортларида ҳам вазият бундан яхши бўлмайди.
Тадқиқот ҳаммуаллифи Редли Хортоннинг сўзларига қараганда, иқлим исишининг салбий оқибатларини самолётларнинг янада кучли ва тежамли двигателлари ҳамда самаралироқ аэродинамикаси ёрдамида енгиб ўтиш мумкин.