Тошкент педиатрия тиббиёт институти қабул комиссияси абитуриентларни “3 кундан сўнг фалон соатда келасиз” дея қайтармоқда

Қўшилди: 13 июл 21:00
Кўрилди: 32
Комментарии: 0
Тошкент педиатрия тиббиёт институти қабул комиссияси абитуриентларни “3 кундан сўнг фалон соатда келасиз” дея қайтармоқда
Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ҳужжат топшириш учун 6 июль куни Сурхондарёдан келган абитуриентлар 12 июлгача ҳам ўз ниятига ета олмади.
Profi Education нодавлат таълим маркази раҳбари Бектош Ҳотамовнинг «Дарё»га маълум қилишича, институтга ҳужжат топшириш жараёни ҳаддан ташқари мураккаблаштирилган ва жараён жуда секин. «Бундан айнан мақсадли қабул билан боғлиқ айрим ғаразли мақсадлар режалаштирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди», — дейди Ҳотамов.
Ҳужжатларни топшириш учун уч кун керак (камида)!
Ҳужжат топшириш учун борсангиз, сизни институт ходимлари кутиб олиб, исм-фамилиянгизни бир журналга ёзиб қўяди-да, «Уч кундан сўнг фалон соатда келасиз», деб айтади. Нега уч кундан кейин? Чунки ҳужжат топшириш учун келган абитуриентларнинг уч кунлик навбати ҳосил бўлган. Айни вақтда, қўлингиздан ҳеч бир ҳужжат олинмайди.
Уч кундан кейин айтилган вақтда келганингиздан сўнг, ҳужжатларни топширишингиз учун сизга навбат рақами берилади. Навбат рақамини олиш учун ҳам навбатга турилади. Мабодо, сиз айтилган соатда эмас, ундан атиги ярим соат кеч қолиб келсангиз ҳам, сизга яна уч кун аввалги гап айтилади: «Уч кундан сўнг фалон соатда келасиз».
Тасаввур қилайлик, сиз айтилган вақтда келдингиз ва навбатда туриб, ҳужжат топшириш учун навбат рақамини олдингиз. Энди ҳужжатларингизни топшириш учун навбатда турасиз. Лекин бу сизнинг навбатингиз шу куннинг ўзида келади, дегани эмас. Мабодо навбатингиз рақамни олган кунингиздаёқ келса, сиз ҳақиқий омадли инсон экансиз. Лекин бундай омадлилар йўқ, ҳисоби — навбатингиз эрта ё индинга ўтиб кетиши эҳтимоли катта, чунки сиздан аввал рақам олган 100 дан зиёд абитуриентнинг навбати ҳам бир кунга кечикиб кетган.
Хуллас, қўлингиздаги рақам бўйича навбатингиз келганидан сўнг (бунга камида уч-тўрт соат вақт керак бўлади), сизни суратга туширишади ва бармоқ изларингиздан намуна олишади (бунинг учун бутун бошли институтда фақат битта компьютер ва битта бармоқ изи сканери ажратилган). «Ақлли технологиялар»га маълумотларингизни тақдим этиб бўлганингиздан сўнг, ариза тўлдириш учун ўтирасиз.
Аризани тўлдиришда биттагина ҳарфни хато ёзсангиз ҳам, сиз — яъни кун давомида навбатда турган, асабийлашган, чарчаган абитуриент уни қайтадан ёзишингиз керак бўлади. Ариза қоғозини эса сиздан ташқари 70-80 киши бўлган хонага кириб, яна асабийлашиб, олиб чиқишингиз керак. Бундан ташқари, оддийгина 086 тиббий маълумотномасида сурат устидаги муҳр кўринмаса ҳам, вилоятлардан келган абитуриентлар ўз вилоятига — янги маълумотнома олиб келиши учун қайтариб юборилмоқда.
Бектош Ҳотамовнинг сўзларига кўра, бундай шароитда аксарият абитуриентлар, айниқса, узоқ вилоятлардан келган йигит-қизлар кўп жабрланмоқда. «Яхши ҳамки, мен раҳбарлик қилаётган ўқув марказининг ётоқхонаси бор, болалар кўчада қолаётгани йўқ. Бир кунда ҳужжат топшириб кетиш ниятида вилоятлардан келган абитуриентлар ўз навбатини кутиб кўчаларда қолиб кетмоқда. Ўзингиз ўйланг, кириш имтиҳонига ҳужжат топшириш учун тўрт кун овора бўлиш мумкинми?», — дейди Ҳотамов.
Нега шундай? Тахминлар
Айтишларича, бошқа олий таълим муассасаларига ариза топшириш бунчалик мураккаб эмас. Масалан, Тошкент давлат юридик университети ёки Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институтига бир куннинг ўзида, атиги икки-уч соат ичида ҳужжатларни топшириш мумкин. Чунки, Бектош Ҳотамовнинг таъкидлашича, бу олий таълим муассасаларида қабул жараёни яхши ташкил этилган ва, энг асосийси, ҳужжатларни бир киши эмас, бир неча киши қабул қилади.
Бироқ, Тошкент педиатрия тиббиёт институтига, нафақат унга, балки бошқа олий тиббиёт таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун бир неча кун керак. Ваҳоланки, тиббиёт таълим муассасалари билан, масалан, Юридик университет ёки Ирригация институтининг қабул жараёнида деярли фарқ йўқ — ҳар бири бир хил рўйхат бўйича ҳужжатлар қабул қилади, алоҳида ижодий ёки махсус текширувлар ҳам йўқ.
Бектош Ҳотамовнинг сўзларига кўра, олий тиббий таълим муассасалари қабулидаги бу йилги саргардонликлар, бошқача қилиб айтганда — «ўқишга ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар сонини сунъий камайтиришга уриниш» 2017 йилдан татбиқ этилаётган мақсадли қабул билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Дейлик, бир вилоят учун 50 та мақсадли ўрин ажратилган. Шу вилоятдан келган абитуриентлардан аризалар қанчалик кам қабул қилинса, конкурс шунчалик камаяди. Конкурс камайганидан сўнг, ўз-ўзидан кириш баллари пастлайди. Кириш баллари пастлагач, уёғи барчага маълум», — дейди «Дарё» суҳбатдоши.
Қайд этишларича, Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ҳужжат топшираман деб бир неча кунлаб овора бўлган абитуриентларнинг аксарияти охир-оқибат бошқа олий таълим муассасасига таваккалига ариза бермоқда. Мазкур ҳолат ҳам абитуриентлар конкурси камайишидан манфаатдор ғаразли масъул шахсларнинг фойдасига ишлаши турган гап.
Ечим. Оддийгина ечим
Абитуриентларнинг Тошкент педиатрия тиббиёт институтида қабулида уч кунлаб овора бўлиши билан боғлиқ муаммони оддий ҳал қилиш мумкин: абитуриентларнинг навбатларини таълим йўналишлари бўйича ажратиш, ҳужжатларни қабул қилувчи масъул ходимлар сонини ошириш, маълумотларни компьютерга киритиш ва биосканер қурилмаларини кўпайтириш. Шунинг ўзи ҳам қабул жараёнини нисбатан тезлаштириб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини ташвишдан бирмунча холи қилган бўларди.