Ўзбекистонлик астрономлар янги юлдуз чақнашини қайд этди

Қўшилди: 17 июн 10:30
Кўрилди: 402
Комментарии: 0
Ўзбекистонлик астрономлар янги юлдуз чақнашини қайд этди
Ўзбекистонлик астрономлар Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган ЎзР ФА Астрономия институтининг Майданак обсерваториясида 25 май куни ўта янги юлдуз чақнашини қайд этди. Бу ҳақда Фанлар академияси сайтида маълум қилинди.
Бу юлдуз Етти қароқчи юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спирал галактикада кўринди.
«Астрономия соҳасидаги замонавий тасаввурларга кўра, юлдузлар ҳам тирик мавжудотлар каби туғилади (пайдо бўлади), миллиард йил ривожланади (умр кўради) ва ниҳоят сўнади. Айрим юлдузларнинг эволюцияси ўта ҳалокатли, катта портлаш билан тугайди. Бундай пайтларда юлдуз қаърида қизиб ётган модда атрофга сочилиб кетади ва кечагина хира бўлиб ёки умуман Ердан кўринмайдиган юлдузча ўрнида ёрқин ўта янги юлдуз пайдо бўлади. Бундай жараёларни кузатиш олимларга юлдузларни тузилиши ва эволюцияси қонунларини тушуниш каби фундаментал масалаларга ойдинлик киритишга хизмат қилади», — дейилади хабарномада.
«25 май куни пайдо бўлган ва SN 2017ein номи билан қайд этилган ўта янги юлдузнинг аҳамияти шундаки, у бизга нисбатан яқин, «атиги» 50 миллион ёруғлик йили масофасида жойлашган ва биз у ҳақда батафсил маълумотлар олиш имконига эга бўляпмиз» — қўшимча қилинади материалда.
Юлдуз ёрқинлиги ўзгаришининг дастлабки таҳлиллари бу ноёб ҳодиса эканлигини кўрсатмоқда.