Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +42 даражага кўтарилади

Қўшилди: 17 июн 09:00
Кўрилди: 271
Комментарии: 0
Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +42 даражага кўтарилади
Келаётган дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳавонинг кескин исиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Нашрнинг Ўзгидромет маълумотларига таяниб ёзишича, 17 июнь, шанба куни Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳарорат +42 даражага кўтарилади. Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, шунингдек Фарғона водийси ҳудудида +35…+40 даража бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида — +33…+38 даража.
Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, 16 ва 19 июнда ёғингарчиликлар бўлмайди, 17—18 июнда айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 7—12 м/с тезликда эсади, 17 июнда айрим жойларда секундига 15—20 метргача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +9…+14, кундузи 16—17 июнда +23…+28, 18—19 июнда +18…+23 даража иссиқ бўлади.
ФВВнинг қайд этишича, шамол тезлигининг кучайиши дарахтларнинг қулаши, электр тармоқларининг узилишига олиб келиши мумкин. Вазирлик фуқаролардан эҳтиёт чораларни кўришни сўрамоқда.