​«Одамлар, асранглар бир-бирингизни...»

Қўшилди: 14 июн 22:00
Кўрилди: 392
Комментарии: 0
​«Одамлар, асранглар бир-бирингизни...»
Бу ҳикоялар интернетдан тўплаган ёки кимлардандир эшитганларим эмас. Тўғри, ҳаммасининг бош қаҳрамони менмасман. Аммо уларнинг барчасига гувоҳ бўлганман. Ва воқеалардан ўзимча хулосалар қилганман. Сиз ҳам ўқинг. Аминманки, ўзингиз учун керакли хулосани чиқара оласиз...

Ором

«...Эрталаб ҳовлига чиқдим-у ҳайрон қолдим. Кечаси билан роса ёмғир ёққанига ҳайратландим. Бунинг нимаси ҳайратланарли дерсиз. Ёмғирнинг товушини эшитмаганим-да! Ахир қачондан бери уйқум — қуш уйқу. Йўқ, аслида узоқ вақт кўзларимни уйқу маҳв эта олмайди. Шифтга термилиб ётавераман, ётвераман. Бир-икки одамга дардимни ёргандим, депрессия дейишди. Дори ичиб кўрдим, гиёҳли муолажалар қилдим, қани наф берса. Бугун эса қотиб ухлабман. Кейин уйга кирдим. Тўрт қиздан сўнг тилаб олган ўғлимнинг хонасини қуёш аллақачон ёритаётган бўлса-да, унинг ширин уйқудалигини кўриб, шукрона айтдим. Икки йил олдин болам давлат гранти ютиб олиб, хорижга ўқишга кетганди. Энди чамаласам, у билан оромим ҳам кетган экан. Мана, уйимда қўриқчим, суянчиғим, дилбандимнинг омонлиги хотиржамлик бағишлабди менга... Болаларимиз омон бўлишсин!»

Олов, сут ва олма...
«Ўшанда ҳали мактабда ўқирдим. Амаким ўғлини уйлантирди, у пайтлари никоҳ оқшоми ҳовлида бўларди. Базмдан сўнг ҳаммамиз амакимникида қолдик. Ярим кечаси нохуш хабардан уйга чопдик. ҳовлимизга ўт тушибди. Борсак, аланга кўкка кўтарилган. Қўшнилар аллақачон ўт ўчирувчиларни чақирган, лекин уларга ҳам қаноат қилмасдан пақир билан уйимизга сув ташишарди. Онам уввос солиб, отам эса унсиз йиғлаган. Укам иккимиз енгил кийинганимиз учун куз оқшомида совуқдан танимиз жунжикиб турибмиз. Бир пайт қўшнилардан бири уйига олиб кирди. Иссиқ сутли чой дамлаб берди. Ҳамон сутли чой ичсам, ўша меҳрибон қиёфани эслайман. Эртаси куниёқ кулга айланган уйимизга кимдир қўлида тахта, кимдир томни ёпиш учун ёғоч, яна кимдир бир-икки сўм пул, бошқа маҳалладошимиз олма кўтариб олиб келган. Ҳозир ҳовлимиз тикланган. Мен узоқроққа келин бўлганман. Қўшниларимнинг яхши кунларида хизматида бўлолмадим, бошларига ташвиш тушганида, улар бизни суягандек ҳамдардлик билдиролмадим. Аммо доим дуодаман, яхшиликлари ўзларига зиёда бўлиб қайтсин...»

Сурат
«Отамнинг падарини кўрмаганмиз. Биттагина суратлари, у ҳам бўлса, урушга жўнаётгани тўғрисидаги гувоҳномада бўларди. Отам эса уни авайлаб сандиқда асрарди. У кишининг вафотидан кейин ўша асралган тугунчадан бобомизнинг суратини олиб кўрдик. Кўзларида ҳадик бордек... Эслайман, раҳматли отамиз узоқ йиллар дадасини излаган. Туманимиздаги урушдан омон қайтган чол ўлимидан олдин бор ҳақиқатни айтган.
— Отангни излама. У ҳалок бўлган. Сенга бу гапларни айта олмасдим... Биз кўришдик. Рўпарама-рўпара жойлашган госпиталда эдик-да. Кўриниши яхши эди, бир қўлига ўқ теккани учун мато билан бўйнига танғиб олган, аммо негадир уни оғир касаллар жойлаштирилган госпиталда ётқизишибди. Менинг оёғим жароҳатлангани сабаб ёнимга келиб кўрди. «Болтабой, эртага юртга қайтаяпман», деди. Эрталаб эса касаллар ётган госпитальдан ном-нишон қолмаганди. Кечаси мина тушиб, портлаб кетганди...»
Ҳаётда бирор марта кўрмаган, ўғлининг камоли, невара қучиш бахтидан мосуво бўлган бобомнинг суратига қараб, раҳматли отам нега суратга тушишни ёқтирмаганини тушундим. Ва яна нарсани чуқурроқ англадим, тинчликда отаётган ҳар бир тонг учун доим шукрона айтиш керак... Кўзларимиз доим қувончдан порласин...»

Туш ва ўнг
«У доим тушларимга киради. Ҳамон унинг бизни тарк этганига ишонмасам-да, тушларимда ҳаётлигидан ўзимда йўқ хурсанд бўлиб кетаман. Байрам, туғилган кунларимда олисда бўлса-да, қўнғироқ қилиб табриклайдиган, «Боя, интернетдан ёзгандингиз-ку десам ҳам, «Мен жонли ижрода табриклашни яхши кўраман-да», дейдиган, укамдек азиз бўлиб қолган қорачагина болани жуда қаттиқ соғинаман. Яқинда, туғилган кунимдан икки кун ўтгач, яна тушимга кирди. Ижтимоий тармоқдан менга табрик жўнатаяпти. Мен эса араздаман: «Нега қўнғироқ қилмадингиз?» дея. У эса иложи йўқлигини айтди... Ўтганларни Худо раҳмат қилсин...
Уйғондим-у кўп йиллар олдин ўртамизга девор тушган биродаримга хабар жўнатдим: «Ҳаммаси учун раҳмат!»
Имконимиз, иложимиз бор пайтда яқинларимизни унутиб қўймайлик, куттирмайлик... Ахир ҳаммаси ўткинчи...»

Асл дўст
«Болалигимда синфдош дугонам билан бир китобни танлардик-да, бир пайтда ўқирдик. Уйга бирор янги асар кўтариб келсам, албатта, дадам ҳам ҳамроҳ бўларди. Дугонам аввалбошдан чаққон. Китобни қўлига оларди-да, диалогларини ўқиб чиқиб, биринчи бўлиб тугатарди. Мен эса дадамнинг китобни токчага қўйишини кутиб ўтирардим. Ишга кетиши билан чопиб бориб олардим-да, ўқий бошлардим. Охири дадамга йиғладим:
— Зуҳра синфдошим китобни тўлиқ ўқимайди, диалогларига кўз югуртиради, холос. Мен эса нуқул ундан орқада қолиб кетаман, — дея.
— Бу унинг танлови. Сен бирор сатр қолдирмай ўқишни истайсанми, ўқи! Бошқаларга қараб, тўн бичма.
Энди англаяпман, ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз танлови бўларкан. Мен ўзимни танловда адашмаган деб ҳисоблайман. Ҳа, айтганча, сиз ҳам дўст сифатида китобни танланг. Болаларингизга болаликдан асл дўстни кўрсатинг. Шунда улар ҳаётда камроқ адашишади... Хато қилишса ҳам, тўғри хулоса чиқара олишади. Муҳими шу эмасми?»

Соч
«Мен уларни яхши танийман. Аммо исмини, яшаш манзилини, нима иш қилишларини билмайман. Деярли ҳар куни кечки пайт метро вагонида учратаман. Ўттиздан ошган эркак ва унинг чамаси саккиз ёшлардаги қизи. Аслида менинг эътиборимни қизалоқнинг узун сочлари тортган. Чунки доим сочим узун бўлишини истаганман-у, лекин ҳеч ўстира олмайман-да... Уларнинг қўлларидаги сумканинг ичида овқат идишлари борлиги яққол кўриниб туради. Шифохонадан қайтишаяпти, тахмин қиламан. Бир кун ота ғамгин уҳ тортди. Қизча отасининг қўлларидан қўлларини ўтказиб олганди, кафти билан дадасининг кафтини сиқди ва кўзларига қараб жилмайди. Отаси пешанасидан ўпиб қўйди. Кўзларида ёш милтиллади. Эртасига яна кўрдим, қизалоқнинг кўзлари йиғидан қизарган. Ўриндиққа ўтиргач, дадасидан сўради:
— Онамнинг сочлари ўсса, тузалиб кетадими? Мен уларга сочларимни кесиб берай, дада...
Метро яқинида онкология шифохонаси борлиги ўшанда хаёлимга келди. Қизалоқнинг онаси саратон хасталигига учраган экан... Мурғак юракчанинг нияти ижобат бўлиб, онаси дардига даво топишини мен ҳам Яратгандан сўрадим. Сиз ҳам дуо қилинг, барча оналар, оталар фарзандлари бахтига соғ бўлишсин...»
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА