​Уйга қандай қилиб пул «чақириш» мумкин?

Қўшилди: 15 июн 13:00
Кўрилди: 569
Комментарии: 0
​Уйга қандай қилиб пул «чақириш» мумкин?
Кимдир «Пул жигардан бўлади» деса, яна биров уни «қўлнинг кири» деб билади. Ҳар икки гапда ҳам жон бор. Бир ой интизор бўлиб кутган маошимизни киприк қоққунча қандай ишлатиб қўйганимизни ўзимиз ҳам билмай қоламиз. Бунинг бари режа билан иш кўрмаслигимиздан! Дарвоқе, пул, аниқроғи, уйга пул «чақириш» борасида ҳам турли иримлар борлиги ҳақида эшитганмисиз? Қизиғ-а? Уларни эшитиб, беихтиёр машҳур фильмимиздаги «тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я» деган ибора эсга тушади. Қуйидаги ярим афсона, ярим чин иримларни ўқиб, эҳтимол сизда ҳам шундай бўлар…

1. Маошингиз чапга-ўнгга қайрилмай, тўғри уйингизга бориб, тошдек қотишини истайсизми? Унда «пешана терингиз»нинг бир сўмини ҳам ишлатмай, хонадонингизга олиб боринг, ҳеч бўлмаганда бир кеча уйда «тунаши» шарт!
2. Ёши улуғлар «Йил давомида каттароқ миқдордаги маблағни сарфламай уйингда сақла! Сенинг қувончингдан «илҳомланган» пуллар ёнига шерик чақиради», дейишади.
3. Уй ичида ҳуштак чалсангиз ва нон ушоқларини қўлингиз билан сидирсангиз ҳам хонадонингизга пул келмас экан.
4. Уйда пул йиғилишини истасангиз, супурги дастасини тик қилмай, ерга ётқизиб қўйинг.
5. Бошлиғингиздан маошингизни оширишини сўрамоқчимисиз? Бу ишни чоршанба куни кундузи амалга ошириш керак экан.
6. Душанбада қарз ола кўрманг, сешанбада аксинча! Олган қарзингизни қайтариш учун эса жумадан бошқа кунларни танланг.
7. Агар бирор ким сиздан қарз сўраса, эрталаб беринг.
8. Умуман олганда, қарз олишга одатланманг! Яхшиси, кимнингдир пул борасидаги мушкулини енгиллаштиринг. Бу билан маблағнинг сизга доимий «талпиниши»ни дастурлаштирган бўласиз!
9. Мавсуми ўтган либосларингизни жавонга жойлашдан аввал чўнтагига пул солиб қўйинг! Дарвоқе, эътибор беринг, пуллар йиртиқ ва тугмаси тушган чўнтакларни ёқтирмас эмиш.
10. Ҳамёнингиз сира бўш қолмасин? ҳеч бўлмаганда танга солиб қўйинг. Яна бир қоида: пулларни ҳамёнингизга олд тарафини ўзингизга қаратиб жойлаштиришингиз керак экан.
11. Баъзилар ҳамёнида «омадли пул» олиб юради. Яъни биринчи маоши ё бирон муваффақиятли битимдан келган маблағдан биттагина бўлса ҳам пул солиб қўйишади.
12. Яна шундай ирим борки, топиб олинган ё ютуққа келган пуллар муваффақият келтирмайди, деб ҳисоблашади. Бундай маблағни бева-бечораларга беринг ё ишлатиб юборинг. Асло ҳамёнингизга сола кўрманг!
13. Асосий қоида: пул борасида ўта тежамкор, зиқна бўлманг, баракаси учади. Қўлингиз очиқ бўлса, пул ҳам, барака ҳам сизга талпинаверади!
Гувоҳи бўлганингиздек, пулнинг кетиши каби келиши ҳам осон. Фақатгина режали бўлсангиз кифоя. Ахир бежизга «Режалининг иши тежоғлик» дейишмаган! Энг асосийси, пулингизнинг миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, баракасини берсин!