«Биз бутун тизимни ўлдирдик». «Ўзбекнефтгаз» раҳбари баъзи қишлоқлар нега газсиз яшаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди

Қўшилди: 15 июн 10:00
Кўрилди: 184
Комментарии: 0
«Биз бутун тизимни ўлдирдик». «Ўзбекнефтгаз» раҳбари баъзи қишлоқлар нега газсиз яшаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди
Нима учун Ўзбекистоннинг баъзи қишлоқлари бир неча йиллардан бери газ таъминотидан узилиб қолган? Халқаро пресс-клубнинг 14 июнь куни бўлиб ўтган анжуманида бу саволга «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жавоб берди.

"Сўнгги 15—20 йил ичида газ соҳаси лойиҳалаштириш жиҳатидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган — унга ҳеч ким эгалик қилмаган. Шу тариқа газ-транспорт соҳаси ўлди.
Газ қувури борган баъзи ҳудудларда ҳеч ким ҳисоб-китоб қилмаган, лойиҳалаштириш тўғри амалга оширилмаган. Шу тариқа бутун тизимни ўлдирдик."
Алишер Султонов, «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси

Анжуманда мамлакатнинг аҳоли ҳудудларини газлаштириш масаласида ҳам саволлар бўлди. Бунга жавоб бераркан, «Ўзтрансгаз» вакили газ таъминотини амалга оширишда ҳисоб-китобларнинг тўлиқ якунига етмагани сўнгги йилларда салбий натижаларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.
Оқибатда совуқ кунларда газ босимининг пасайиши ва таъминотда узилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Мутасаддининг қайд этишича, табиий газ етказиб бериш қийин бўлган жойлар йилма йил ўрганилиб, мазкур ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Аввал табиий газ таъминотидан фойдаланган ва яқин бир неча йиллар ичида таъминот тўхтатилган ҳудудларга газни қайтариш учун «Ўзбекнефтгаз» раҳбари белгиланган давлат дастурлари асосида суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш чоралари кўрилаётганини айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда, газ таъминоти яхши бўлган ҳудудларда уни беҳуда сарфланиши ҳам муҳокамалар марказида бўлди.