Китобни ўғирлаш ҳалолми?

Қўшилди: 11 июн 20:00
Кўрилди: 191
Комментарии: 0
Китобни ўғирлаш ҳалолми?
«Islom.uz» муштарийларидан бирининг «Китоб ўғирлаш ҳалолми?» — деган саволига жавоб берди.
«Бугунги кунда китоб ва яна баъзи бир нарсаларни ўғирлаш ўғирлик ёки гуноҳ эмас дейдиганлар бор (илм йўлида бўлаверади дейишади), — деб ёзади сайт ўқувчиси.— Ҳаттоки китоб ўғирлаш ‘савоб’ деганларни ҳам эшитганман. Оллоҳ ҳаром қилган ишни мақташ ёки ҳалол деб айтиш (адашмасам) куфр деб ўқигандим. Ўзим бунинг нотўғри эканлигини биламан. Кўпчиликка чиройли қилиб тушунтирсак ҳам тушунишмайди. Илтимос, шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангизлар».
Сайт маъмурияти жавоби қуйидагича бўлди: «Ҳар бир инсон, хусусан балоғатга етганлар сўзлаётган гапларига эътибор беришлари зарур. Унинг шариатга мувофиқ ёки зид эканлигини тафаккур қилиши шарт. Чунки кишиларнинг баъзи бир сўзлари шариатга зид эканлиги кўп ҳолатларда учрамоқда. Бу ҳолат уларнинг ўзлари билмаган ҳолда диндан чиқиб қолишларига сабаб бўлиши мумкин. Шариатимизда бу гапларни ҳазиллашиб гапирдими ёки ўйламай гапирдими, фарқи йўқ. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘Банда парво қилмай, «зарари йўқ» деб бир гапни гапириб қўяди. У эса уни дўзахдан етмиш йиллик масофага тушириб қўяди’ деганлар. Ўшалардан энг хавфлиси Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ‘ҳалол’, ‘қилса бўлаверади’ деб ёки уларни чиройли санаб ‘яхши иш’ деб билишдир. Сиз айтган ўғирлик қилиш шариатимизда қатъий ҳаром ҳисобланади. Бу борада кўплаб ояти карима ва ҳадислар келган. Юқоридаги гапга биноан ўғирликни, хусусан китобни ўғирлаб ўқишни ҳалол санагувчилар, шариатимиз ҳукми бўйича диндан чиқиб қолади. Шунингдек шариат ‘ҳалол’ ёки ‘мубоҳ’ қилган амалларни ‘ҳаром, қабиҳ’ санаш ҳам куфр ҳисобланади».