"Сўнгги китобимни 25 минг сўмга ўзим ҳам сотиб олмаган бўлардим. Қиммат!"

Қўшилди: 11 июн 16:30
Кўрилди: 217
Комментарии: 0
"Сўнгги китобимни 25 минг сўмга ўзим ҳам сотиб олмаган бўлардим. Қиммат!"
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам мамлакатда китобхонлик маданиятини юксалтириш учун китоб нашри ва савдоси соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш лозим, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у «Правда Востока» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Эркин Аъзамнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши мамлакатда китобга бўлган ҳурматни қайтариш йўлидаги муҳим қадамдир.

"Қачонлардир биз жаҳондаги энг кўп ўқийдиган халқлардан бири эдик. Китоб ягона юпанч эди. Китобни, қандай йўл билан бўлмасин — макулатурага алмаштириб, сўраб-суриштириб, сафарлардан қайтишда қўлга киритишга уринардик.
Бозор муносабатларининг кириб келиши билан китобсиз ҳам яшаш мумкинлиги ҳақидаги фикр, турмуш тарзи шаклланиб қолди. Моддият маънавий эҳтиёжлардан устун келди. Буларнинг бари бизни ортга силжитди. Шу сабабли ҳам, Президентнинг фармойиши — бу китобга бўлган ҳурматни қайтариш йўлидаги энг муҳим қадамлардан биридир.
Китобхонларнинг янги авлодини тарбиялаш учун оилавий китоб ўқиш анъаналарини ва ОАВда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган сиёсатни шакллантиришга эътибор қаратмоқ зарур. Ҳақиқий адабиёт қаерда-ю, омма адабиёти қайда — тушунтириб, кўрсатиб бериш керак.
Китоб нашри ва савдоси соҳасида ҳам муаммолар оз эмас. Китоб ҳамёнбоп бўлиши керак. Масалан, менинг сўнгги китобим таннархи 17 минг сўм, «Китоб олами» эса уни 25,5 минг сўмдан сотмоқда. Қиммат-ку! Ким сотиб олади уни? Мен ўзим ҳам сотиб олмаган бўлардим.
Бу менинг фикрим, чунки мен китоб ёзаман. Давлат раҳбарининг фармойишини мен ўз кўчамдаги байрамдек қабул қиламан."
Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Маълумот учун, Президент фармойишининг кириш қисмида «китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш… тизими суст ривожлангани» алоҳида қайд этиб ўтилган эди. Шу муносабат билан, фармойиш сабаб ташкил этилган бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳга «китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш» ҳақида кўрсатма берилган эди.