​Москвадан Тошкентга беҳаё видеолар олиб кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 1,5 млн. сўм жаримага тортилди

Қўшилди: 09 июн 2017 13:00
Кўрилди: 452
Комментарии: 0
​Москвадан Тошкентга беҳаё видеолар олиб кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 1,5 млн. сўм жаримага тортилди
Божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда божхона қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартраф этиш, хусусан божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликка мойил бўлган шахсларни аниқлаш ва уларга профилактик таъсир кўрсатиш орқали уларнинг ҳулқ-атворини аҳлоқан тузатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Шофайзи” маҳалласида ҳам божхона қоидабузарликларини содир этиб, жавобгарликка тортилган шахслар учраб турибди. Улардан бири 32 ёшли Умиджон Шарифов (исми-шарифи ўзгартирилган) бўлиб, ушбу шахс жорий йилнинг 9 февраль куни Москвадан учиб келар экан, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.Қаранг-ки, унга тегишли қўл телефони ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, телефон хотирасида 26 дона беҳаё мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871 сонли Фармонига мувофиқ порнографик мазмундаги расмлар, фото, фотопленкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Ушбу тартибларга риоя қилмагани учун Умиджон Шарифов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 189-моддаси билан маъмурий иш юритилиб, суд хукмига биноан ушбу шахс айбли деб топилди ҳамда унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида яъни 1 497 750 сўм жарима жазоси тайинланди.
“Афросиёб” маҳалласида ҳам божхона соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этиб, жавобгарликка тортилган шахслар учраб турибди. Тадбир давомида улар томонидан содир этилган қинғир қилмишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Х.Ахадова (исми-шарифи ўзгартирилган) Бокуга парвози олдидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида шахсий кўрикдан ўтказилганда божхоначилар ва холислар қаршисида уялиб қолди. Ушбу шахс ички аъзоларига яширганча қиймати 14,5 млн. сўмлик 60 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини республикамизда яширинча олиб чиқишни режалаштирган экан.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.
Қолаверса, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.
Мазкур тартибларга риоя қилмагани боис Х.Ахадовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 22722-моддаси билан маъмурий иш юритилиб, суд хукмига биноан ушбу шахс айбли деб топилди ҳамда унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида яъни 299 550 сўм жаримажазоси тайинланди. Тилла тақинчоқлар эса белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.
Учрашувларда мазкур ҳолатлар юзасидан маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, маҳаллада яшовчи фуқаролар, айниқса ёшлар томонидан бу каби маъмурий ва жиноий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига йўл қўймаслик учун тушунтириш ишларини янада фаоллаштириш лозимлиги қайд этишди.
Учрашувлар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.