Тошкентда «калит танловчи» ўғрилар қўлга олинди

Қўшилди: 09 июн 2017 10:00
Кўрилди: 441
Комментарии: 0
Тошкентда «калит танловчи» ўғрилар қўлга олинди
Номаълум шахс 2017 йил 29 мартда фуқаро Яминовнинг Сергели туманида жойлашган хонадонига эшик қулфига калит танлаш йўли билан, ғайриқонуний равишда кириб, жами 3 миллион 133 минг сўмлик мол-мулкини ўғирлаб кетган. Ҳолат бўйича Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят ишлари қўзғатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноят муқаддам ўғрилик ва гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомаласи жиноятлари билан судланган Сергей Заводской ва Александр Бузичкин томонидан содир этилгани аниқланиб, улардан турли хилдаги калитлар тўплами ва қўлқоплар далилий ашё сифатида олинган.


Бундан ташқари, Заводской ва Бузичкин Тошкент шаҳри ҳудудида калит танлаш йўли билан бир нечта ўғрилик жиноятларини содир этганлиги аниқланди.
Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур шахслардан жабр кўрган фуқаролар бўлса, ички ишлар идораларига мурожаат этишни сўрайди. 
Юқоридаги ҳолатлар бўйича жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилия ва исмнинг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.