​Абдувоҳид Ғаниев: “Мафтунингман”га ўхшаган халқ меҳрини қозонган фильм яратмоқчимиз

Қўшилди: 07 июн 21:30
Кўрилди: 719
Комментарии: 0
​Абдувоҳид Ғаниев: “Мафтунингман”га ўхшаган халқ меҳрини қозонган фильм яратмоқчимиз
Бутун Республика бўйлаб кастинг ўтказган, жами 2 000 нафар номзодни синовдан ўтказган “Мафтунингман-2” фильми ижодкорлари айни дамда юртимизнинг 7 та нуқтасида суратга олиш ишларини якунлади.
Айни дамда “Мафтунингман-2” ижодий гуруҳи Тошкентда эканлигидан фойдаланиб, фильм режиссёри Абдувоҳид Ғаниевни сухбатга тортдик:

– Суратга олиш ишлари қандай ўтяпти?
– Жараён кўнгилдагидай кетяпти. Ҳозир воҳада суратга олиш ишларини якунлаб, водийга ўтиш арафасидамиз. Куннинг иссиқлигини ҳисобга олмаса, ҳаммаси жойида, ишлаяпмиз. Шу кунларда водий бўйлаб суратга олиш ишларини бошлаймиз. Андижон, Наманган, Фарғона, Қўқон ва довонда суратга олиш ишларимиз бор, шуларни тугатиб, Тошкентга ўтамиз.
– Фильмни “Мафтунингман-2” деб номлашдан мақсад нима?
– “Мафтунингман” фильмини барчамиз ҳозиргача севиб томоша қиламиз. Қайсидир маънода ижодий гуруҳимиз билан ушбу фильмга ҳавас қилганимиздан, шу фильмга ўхшаб “Мафтунингман-2” ҳам халқ меҳрини қозонадиган, обрўли фильм бўлишига умид қиляпмиз.
Эҳтимол суратга олиш ишлари тугашига яқин кейинчалик ўзгартирармиз, ҳозирча эса яхши ниятда шу номни танладик. Фильм нафақат Ўзбекистон балки чет элда ҳам ўзбек санъати ва маданиятини кўрсатишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан қўл урилган ушбу йирик кинолойиҳада машҳур чеҳралардан фойдаланилмаяпти. Кинокомпания “Мафтунингман-2” орқали янги қиёфаларни кашф этишни мақсад қилган.
Қуйида фильмни Самарқанд, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида суратга олиш жараёнидан олинган фото ва видео лавҳаларни томоша қилишингиз мумкин.