ЭНГ ГЎЗАЛ СУРАТ

Қўшилди: 29 май 2017 14:00
Кўрилди: 823
Комментарии: 0
ЭНГ ГЎЗАЛ СУРАТ
Бозор расталарининг бирида ширин нон ва манти пишириб сотадиган аёл ҳар куни мижозларга егулик улашарди. Бир куни тушдан кейин булут қоплаб олган осмондан ёмғир томчилари шиддат билан туша бошлади. Вақт ўтган сари ёмғир жалага айланиб борарди. Бир соат ўтса ҳам, икки соат ўтса ҳам ёмғир тиниш ўрнига авж олар, йўлларда сув дарё каби оқарди. Аёл дўконни қулфлаб, кўчага шошиб чиқди ва дўкондан иккита ёмғирпўш сотиб олди. Қизи ўқийдиган санъат маркази эшиги олдига боргач, кийимига қараб, ичкари киришга иккиланиб қолди. Ранги ўчиб кетган кўйлаги бир аҳволда, ҳатто хамир теккан фартугини ҳам ечиш ёдидан чиққанди. Шусиз ҳам йўқчилик туфайли қизининг тенгдошлари олдида изза бўлишидан қўрқиб юрган она бинонинг пастки қаватига тушиб, дарс тугашини кута бошлади. Шу пайт учинчи қаватдан тушиб келаётган қизи билан кўзлари тўқнашди. Она қизини кўриб, мамнун қўл силкитди. Бироқ қиз ўзини уни кўрмаганга солиб, девор ортига бекинди. Бир неча дақиқадан сўнг девор ортидан мўралади. Бу онасининг шу аҳволда кутиб туришини истамаганлигини англатарди. Бундан кўнгли оғриган она бошини қуйи солганча жим қотиб қолди.
Бир ойдан сўнг она қизи ўқийдиган санъат марказидан талабалар кўргазмасига таклифнома олди. Қизини яна уятга қўйишидан чўчиган она иккилана-иккилана йўлга чиқди.
- Кўргазма тугаган бўлса, бориб нима қиламан?..
Бироқ кўргазма ҳали тугамаганди. Деворга осиб қўйилган суратларни бирма-бир кўздан кечирган она бир портрет олдида тўхтаб қолди. Сурат тагига “Дунёдаги энг гўзал сурат” деб ёзилган эди. Ёғаётган ёмғир, ёмғирпўш кўтарган, оппоқ унга беланган фартук таққан, эски туфли кийиб олган аёл тасвирланган эди унда. Бу санъат асарида қизини кутиб турган онанинг ҳолати чизилган эди. Шу куни қизи девор орқасида онасининг ўша ҳолатини юрагига, хотирасига муҳрлаб олган эди. Шу пайт она қизининг олдига келди. Унинг кўзларида фарзандлик меҳри балқиб турарди. Она-бола суратга узоқ тикилиб туришди. Уларнинг ёнма-ён туришининг ўзи дунёдаги энг гўзал манзара эди гўё.

Пак Ин СУК
Корейс ёзувчиси