Бугун Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушади

Қўшилди: 27 май 14:00
Кўрилди: 722
Комментарии: 0
Бугун Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушади
Ўзбекистон ва Россия U21 терма жамоалари бугун — 27 май куни ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Беллашув «Олмалиқ» стадионида 18:30 да старт олади.
«Пахтакор»даги 20 кунлик иш фаолиятидан сўнг Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон U22 бош мураббийи этиб тайинланганди. Россияликларга қарши бугун унинг шогирдлари майдонга тушади.
Айни вақтда «Пахтакор» бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётган Жасур Абдураимов бунга қадар Ўзбекистон U22 га жавобгар мутахассис сифатида ишлаётганди.
«Championat.asia» нашри маълумотига кўра, россияликлар сафида 1996—1999 йилда туғилган футболчилар тўп суради. Улар 2019 йил бўлиб ўтадиган Европа чемпионати учун тайёргарлик кўраётган йигитлар ҳисобланади.
Ўзбекистон термасининг таркиби эса нисбатан каттароқ — 1995—1998. 2018 йил 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати беллашувлари бўлиб ўтади. Равшан Ҳайдаров жамоаси мана шу турнирга тайёргарлик кўриши керак.
«Олмалиқ»даги стадионга кириш бепул. Учрашув, шунингдек, «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади.