Тошкентда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда

Қўшилди: 16 май 09:00
Кўрилди: 673
Комментарии: 0
Тошкентда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда
15 май куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Медиа-холл» мажмуасида «Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзусида халқаро илмий-маданий конгресс бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
ЎзЭОАВМА томонидан «Тараққиёт стратегияси» маркази, Фанлар академияси, Бадиий академия, ЮНЕСКО ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатдаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Германия, Нидерландия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Польша, Франция, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда.
Олий Мажлис ҳузуридаги ННТни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А. Саидов, маданият вазири М. Муродов, Фанлар академияси вице-президенти Б. Абдуҳалимов, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Ф. Абдухолиқов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи К. Пиккат, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунсе ва бошқалар тадбирда сўзга чиқди.
«Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон бой маданий меросга эга мамлакат, — деди Криста Пиккат. — Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон номоддий мероси билан ҳам фахрланса арзийди. Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган барҳаёт анъаналар — Шашмақом, Катта ашула, Наврўз, Аския ва Бойсун маданий мероси ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. Ташкилотимизнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорликда ўз ваколати доирасига кирадиган соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Йўлга қўйилган ишончли муносабатлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда».
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, қадриятлари, кўплаб тарихий-меъморлик ва маданий ёдгорликлари билан бутун дунёга донг таратганини алоҳида қайд этди.
Анжуман доирасида нашр этишга тайёрланаётган «Ўзбекистон мусиқий мероси», «Давлат Эрмитажи тўплами», «Давлат тарих музейи тўплами», «Шарқ қўлёзмалари институти тўплами», «Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар» китоб-альбомларнинг лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлди. Уларни тайёрлашда таниқли олимлар, санъатшунослар, мусиқашунос ва шарқшунослар иштирок этмоқда.
Халқаро экспертларнинг фикрича, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси қамрови бўйича дунёда ўхшаши йўқ лойиҳа ҳисобланади. Китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган энг яхши артефактларни тўплаш ва умумлаштириш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилган. Улар орасида археология, кулолчилик, металл буюмлар, нумизматика, тўқимачилик, заргарлик санъати ва тасвирий санъат буюмлари бор.
Конгресснинг биринчи иш кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, дунё тўпламларида Ўзбекистон санъати ва артефактларига бағишланган маърузалар тингланди.
Шу куни Ўзбекистон маданияти ва санъатини кенг ёритишга ихтисослашган «Караван ТВ» телеканали тақдимоти бўлиб ўтди. «Журналистлар баҳори» анъанавий медиа-фестивали, турли ҳудудларнинг ўзига хос миллий таомлари намойиши ва палов танлови ўтказилди.