Тошкент ҳокимлиги машинаси йўл ҳаракати қоидабузарларининг ҳафталик рейтингида учинчи бўлди

Қўшилди: 16 май 11:00
Кўрилди: 401
Комментарии: 0
Тошкент ҳокимлиги машинаси йўл ҳаракати қоидабузарларининг ҳафталик рейтингида учинчи бўлди
Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 6−13 май кунлари давомида йўл ҳаракати қоидаларини энг кўп бузганлар рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» маълумот берди.
Рўйхатнинг биринчи бешлигидан ўрин олган тўртта автомобиль пойтахтдаги корхоналарга, биттаси эса Тошкент ҳокимиятига тегишли экани маълум бўлди.
Рейтингда фото ва видео қайд этиш камералари 17 маротаба тасвирга олган Malibu (давлат рақами белгиси — 01 216 WDA) биринчи бўлди. Бунда 16 маротаба белгиланган тезликдан ошиш қайд этилган бўлса, бир марта светофорнинг тақиқловчи ишорасига риоя қилинмаган. Автомобиль пойтахтнинг Чилонзор туманида рўйхатга олинган Gold Air Travel корхонасига тегишли. Жариманинг умумий қиймати 8,087 миллион сўмдан зиёдроқни ташкил этди.
Иккинчи ўринда — Lacetti (давлат рақами — 01 305 YDA) «Билол Мягкая Кровля» МЧЖга тегишли. Мазкур автомобилни бошқарган шахс 13 марта ЙҲҚни бузган. 11 марта тезликни оширган бўлса, икки маротаба «қизил»дан ўтиб кетган. Жарима 2,8 миллион сўмни ташкил этди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маъмурий бинолардан фойдаланиш дирекциясига тегишли Epica русумли автоулов (давлат рақами — 01 206 TVA) ҳайдовчиси 12 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузди. У чорраҳаларда етти марта «қизил»дан ўтган, беш марта тезликни оширган. Мазкур қоидабузарликлар учун 2,8 миллион сўмдан зиёд миқдорида жарима тўлайди.
Олмазор туманидаги Orange Taxi МЧЖга қарашли Nexia (давлат рақами — 01 270 TTS) 11 марта камералар томонидан қайд этилган. Саккиз марта тезликни оширгани, уч марта светофорнинг тақиқловчи сигналига риоя қилмагани учун 2,096 миллион сўмдан ортиқ жарима тўланадиган бўлди.
Бешликни Сергели туманида рўйхатдан ўтган МЧЖ шаклидаги Global Building Machinery корхонасига тегишли Malibu (давлат рақами — 01 077 VDA) якунлаб берди. Автомобиль тўққиз маротаба қоида бузилиши бўйича рўйхатга олинган. Саккиз марта тезликни оширганлик, бир марта «қизил»дан ўтганлик учун 2,69 миллион сўмдан зиёд жарима тўланиши белгиланди.