Тошкентлик аёл Samarqand Darvoza савдо марказида бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон ахборот берди

Қўшилди: 16 май 10:00
Кўрилди: 478
Комментарии: 0
Тошкентлик аёл Samarqand Darvoza савдо марказида бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон ахборот берди
14 май куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ИИБга Samarqand Darvoza савдо-кўнгилочар марказида портловчи модда ташлаб кетилгани ҳақида ахборот келиб тушди. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.
Айтилишича, илгарироқ ўғриликда гумон қилинган аёл 102 рақамига қўнғироқ қилиб, марказ биносининг учинчи қаватида икки ҳижобли аёлнинг суҳбатини эшитганини ҳамда улар мазкур суҳбат давомида савдо марказида бомба ўрнатилганини айтганини хабар қилган.
Шундан сўнг туман ИИБ ходимлари ИИВ ва шаҳар ИИББ ходимлари, шунингдек, махсус бўлинма отряди билан бирга воқеа жойига етиб келган.
Қисқа муддатда Samarqand Darvoza’нинг барча ташрифчилари ва ишчилари эвакуация қилинган. Синчиклаб ўтказилган текширув чоғида ҳеч қандай портловчи ускуна топилмаган.
Ички ишлар органларига ёлғон ахборот берган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-банди бўйича иш қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
Бу каби воқеа илгари ҳам кузатилган эди. Жумладан, 2017 йил 21 март куни ўзини Муродова Ойгул деб таништирган шахс 102 рақамига яширин рақамдан қўнғироқ қилиб, «Samarqand Darvoza» савдо мажмуасида қора кийимда бўлган нотаниш шахслар супермаркетга бомба қўйиш кераклиги ҳақида гаплашаётганини хабар берганлиги ҳақида маълум қилинганди.